Сайт тест режимида ишламоқда

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ: “МЕҲРИБОНЛИК УЙИДАГИ БОЛАНИ ЯХШИ ҚЎЛГА БЕРИШГА МАЖБУРМИЗ”

7 декабрь 2021 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугунги кунни Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида болаларга яратилган шароитларни кўздан кечиришдан бошлади. 

У ерда болаларнинг яшаши учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, муассаса раҳбарияти билан суҳбат чоғида болаларни оилаларга бериш бўйича ишларни жадаллаштириш хусусида тўхталиб ўтди. 

Меҳрибонлик уйи раҳбарияти тарбияланувчиларни оилаларга жойлашда юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Вазир болаларни асраб олишни истаётган оилаларга имкон яратиш, Меҳрибонлик уйидаги болани яхши инсонлар қўлига бериш ва бунга имкон борича ҳаракат қилиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

photo2021-12-0718-32-59-2.jpg

"Бу масала устида тўғри ёндашув билан ишлашимиз керак. Болаларга оилани инсон ҳаёти учун муҳимлигини тушунтиришимиз зарур. Керак бўлса бу йўналишда болалар билан ишлаш учун психологларни жалб қилиш лозим. Тўғри, болалар бу ерда бир неча йилдан бери яшаяпти ва улар бу ердаги шароитга ўрганган. Лекин улар онгига оила қадриятини ҳам сингдиришимиз даркор. Шу сабабли болаларни имкон борича оила бағрида бўлишига имкон яратиб, ана шу нарсаларни бола онгига тўғри етказишимиз керак”, — деди вазир.

Шунингдек, Бахтиёр Саидов Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ижтимоий мослашуви ва касб-ҳунарни муваффақиятли танлаши, уларда ижтимоий ва ҳаётий кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида ташкил этилган «Уй-рўзғор академияси» ўқув курслари билан танишар экан, ушбу ўқув курсларни битирган болаларга сертификат бериш масаласини илгари сурди.

photo2021-12-0718-02-10.jpg

Вазирнинг кейинги манзили Юнусобод туманидаги 23-сонли Меҳрибонлик уйи бўлди. Бу ерда вазир Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Сарвар Мамаюсупов билан болаларнинг Меҳрибонлик уйидаги ҳаёт тарзи хусусида фикр алмашди. Суҳбат чоғида ушбу муассасадаги тарбияси оғир бўлган болаларни тўғри йўлга бошлаш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, вазир томонидан болаларни қуролли кучлар сафига босқичма-босқич бириктириш таклифи берилди.

Вазир Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан суҳбатда уларнинг қизиқишлари, келгусида эгалламоқчи бўлган касблари ҳақида сўради ва уларга ўзининг зарур тавсияларини берди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu