Сайт тест режимида ишламоқда

ЗАМОНАВИЙ ДАРСЛИКЛАРНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ ЮЗАСИДАН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

24 январь 2022 йил
image

2022 йилнинг 13-14 январь кунлари Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да ўқитувчилар учун ўқув-семинари ташкил этилди. 

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Миллий ўқув дастури асосида тайёрланган дарсликларни тажриба синовдан ўтказиш ҳамда ўтган йили 1-2- синфлар учун яратилган янги дарсликларни ўқитиш методикаси юзасидан маҳорат дарсларида иштирок этиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидан пойтахтга келган ўқитувчилар билан учрашди. 

 “Келаси 30 йилдан кейин Ўзбекистон қандай бўлиши бизни қўлимизда. Ҳозир 1-синфга қадам қўйган ўқувчи 11-синфни битирганида бозор иқтисодиёти учун қандай кадр бўлиб етишишини белгиловчи пойдеворни бугун биз ва сиз ўқитувчилар қурамиз. Ватан келажагини 11 йиллик таълим белгилайди”,- дея таъкидлади вазир.

Учрашувда таълим тизими олдида турган долзарб вазифалар, режалар ҳақида суҳбатлашилди. Бир ой давомида 62 та мактабга ташриф буюриб, жараёнларни кузатган вазир ўз хулосалари ҳақида ўртоқлашар экан: "Ўқитувчилар ўқувчиларга фақат тил ўргатиши керак эмас, уларни касбга йўналтириши керак",- дея таъкидлади. 

Миллий ўқув дастури асосида жорий йил учун 3-синф дарсликлари яратилди. Эндиликда Миллий ўқув дастури ҳамда шу асосда тайёрланган дарсликларни тажриба синовдан ўтказишга тренерларни тайёрлаш ҳамда 2021-2022 ўқув йилида 1-2-синфлар учун яратилган янги дарсликларни ўқитиш методикаси юзасидан мастер-класслар ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан 2022 йилнинг 13-14 январь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани,“Ёшлар иттифоқи” дам олиш масканида ўқитувчилар учун ўқув-семинар ўтказилмоқда.

Жорий йил 14 та таянч мактабда Миллий ўқув дастури асосида яратилган 3-синф дарсликлари 3-4-чоракдан бошлаб апробациядан ўтказилади. 3 кунлик ўқув семинари давомида Тошкент шаҳри ва вилоятининг ўқитувчилари мазкур янги дарсликни апробациядан ўтказиш бўйича тайёрланади.

Шунингдек, Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 85 нафар ўқитувчи, 110 нафар методист ҳамда 5 нафар илмий ходимлар ўтган йилда миллий ўқув дастури асосида яратилган 1-2-синфларнинг замонавий дарсликлари методикаси бўйича муаллифлар жамоаси ҳамда илғор амалиётчи ўқитувчилар томонидан маҳорат дарсини олади. 

Мазкур семинар дарсликларни яратиш жараёнида ўқитувчиларнинг бевосита иштирокини таъминлаш ҳамда ўқитувчиларни дарсликлардаги ўзгаришлар билан таништириш ва фикр-мулоҳазаларини тўплаш учун ҳам майдон яратаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Маълумки, Халқ таълими вазирлиги томонидан маҳаллий олимлар ва UNICEF халқаро экспертлари билан биргаликда Миллий ўқув дастурини яратиш ишлари якунига етказилди. Миллий ўқув дастури лойиҳасини тайёрлашда 246 нафар миллий экспертлар, жумладан 119 нафар мактаб ўқитувчилари, Олий таълимдан 105 нафар профессор-ўқитувчилар, 22 нафар фан методистлари, шунингдек UNICEF ва USAID халқаро ташкилотлари орқали жалб қилинган 16 нафар халқаро экспертлар иштирок этди. 

Миллий ўқув дастурида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолашнинг халқаро тадқиқотлари (PISA, PIRLS, TIMMS)га мос мавзулар ҳамда янгича таълим ёндашувлари (STEM, ҳамкорликда ўрганиш, лойиҳалар асосида ўқитиш) каби замонавий мавзулар ва ёндашувлар ўрин олган. Илк бор 1-6-синфларда ўқитиладиган 5 та фаннинг интеграциялашуви натижасида “Табиий фан” киритилди. Aйтиш жоиз, ушбу фан дастури Хельсинки университети профессори Яри Лавонен иштирокида халқаро талабларга мослаштирилди.

Миллий ўқув дастурини амалиётга жорий етиш мақсадида 2021-2022 ўқув йили учун барча фанлар бўйича ўтган давр мобайнида танлов асосида саралаб олинган 154 нафар муаллифлар иштирокида 1-2-синфлар учун жами 326 номдаги дарсликлар, уларга қўшимча равишда ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, ўқув дафтарлари ва мультимедиа иловалари яратилди. Геймификация методи асосида ўқувчиларга ўйинлар орқали дарс беришга мўлжалланган мультимедиа иловалари ишлаб чиқилмоқда. Дарсликлар учун мультимедиа иловасида илк маротаба “augemented reality” — кенгайтирилган борлиқ технологиясидан фойдаланилмоқда.

Бу жараёнларга 46 нафар профессор, 101 нафар амалиётчи ўқитувчилар, 7 нафар фан методистлари жалб қилинди. Уларнинг ўртача ёши 40-45 ёшни ташкил қилади. Таълим мазмунида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ёш олимлар, тажрибали ўқитувчилардан иборат муаллифлар мактаби шаклланди. Дарсликларни яратишда олимлар билан биргаликда амалиётчи ўқитувчиларнинг тенг иштироки Миллий ўқув дастурида белгиланган мақсадларнинг дарсликларда акс этишига хизмат қилди. 

Илк маротаба дарсликлар ҳар бир синф битирувчиси эга бўлиши керак бўлган стандарт — малака талаблари ҳамда уларни шакллантириш учун зарур ўқув дастури асосида ёзилмоқда. Дарслик билан бирга ўқитувчи китоби ҳамда бошланғич синфларда машқ дафтари ҳамда мультимедиа иловаси тайёрланди.

Тайёр дарсликлар амалиётга жорий этишдан аввал илк маротаба тажриба-синов жараёнидан ўтказилди. Яратилган янги авлод дарсликлари танлаб олинган 14 та таянч мактабда апробациядан ўтказилди. Мазкур жараёнда 40 нафар экспериментатор ўқитувчилар ҳамда 937 нафар ўқувчилар иштирок этди. Шунингдек, ҳудудларда ўқитувчиларни Миллий ўқув дастури ҳамда дарсликлар асосида дарс бериш бўйича билимларини ошириш бўйича Республика миқёсида 100 нафар тренер-ўқитувчилар тайёрланди. Улар орқали 49,1 минг нафар 1-, 2-синф ўқитувчилари ўқитилди. 

Дарсликлар амалиёт билан боғланиб, ёд олишга йўналтирилган контент ўрнини ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаб, танқидий ва ижодий фикрлаш, жамоада ишлаш каби муҳим кўникмалар шакллантирувчи вазифалар киритилган. 

Миллий ўқув дастури лойиҳаси тайёрлангач, дастлаб фан йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Олий таълим муассасаларидан хулоса олинди. Ушбу таклифлар ўрганилиб, таҳлилдан ўтгач, уларнинг 30-40 %и инобатга олиниб, Миллий ўқув дастури лойиҳаси такомиллаштирилди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар орқали Миллий ўқув дастури кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Дастур лойиҳасига 360 дан ортиқ таклиф келиб тушди. Уларнинг бир қисми дастур тузувчилари томонидан инобатга олинди. 

Математика, Табиий фанлар, Тил ўқитиш фанлари учун дарсликлар илк маротаба хорижлик экспертлар ҳамкорлигида тайёрланди. UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг Халқаро экспертлари хусусан, дарсликларни яратиш бўйича Энди Смарт, Она тили фанидан Сюзан Ланнузи, Математика бўйича Марселло Старикофф, Табиий фанлар бўйича Филиппа Гардон Халм Республика таълим маркази фан методистлари ҳамда дарсликларни тузувчи ишчи гуруҳ аъзолари билан ҳамкорликда иш олиб борди.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларига жами 45 номдаги Кембриж нашриётинг Инглиз тили ва Информатика дарсликлари жорий этилади. Aмерика Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Aгентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Ўзбекистон Баркамоллик учун Таълим дастури” лойиҳаси доирасида Кембриж нашриёти томонидан ишлаб чиқилган 1-11-синф Инглиз тили ҳамда 5-11 -синфгача Информатика ва ахборот технологиялари фанлари дарсликлари маҳаллийлаштирилиб ўзбек тилига таржима қилинди. 

Дарсликларни тайёрлаш жараёнига фақат олимлар, тадқиқотчилар эмас, балки юқори педагогик тажрибага эга ўқитувчилар ҳам жалб қилинди. Дарсликлар ҳам мазмун ҳам шакл жиҳатидан жаҳон стандартларини инобатга олган ҳолда яратилди. Хусусан, улардан ўқувчиларнинг руҳий-психологик ҳолатини инобатга олган ҳолда ХХI асрда ўз ўринларини топишга кўмаклашувчи ҳаётий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган мавзулар ўрин олган. 

Республика таълим маркази томонидан Миллий ўқув дастурига асосан 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловаларни яратиш режалаштирилган.

.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu