Сайт тест режимида ишламоқда

БОЛАЛАРНИНГ ЙЎЛЛАРДАГИ ХАВФСИЗЛИГИ УЧУН ҲАР БИР ИНСОН МАСЪУЛДИР — ҲАР КУНИ ДУНЁДА 3000 НАФАРГА ЯҚИН БОЛАЛАР ВА ЁШЛАР ЙЎЛЛАРДА ҲАЛОК БЎЛМОҚДА ЁКИ ОҒИР ЖАРОҲАТЛАР ОЛМОҚДА

13 май 2022 йил
image

ЮНИСЕФ ва ҳамкор ташкилотлар болалар ҳамда ёшлар ўлимининг асосий сабаби бўлган йўл-транспорт ҳодисалари масалаларини ҳал этишда биргаликда ҳаракат қилади.

Жорий йилнинг 13 май куни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда  ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан глобал кампания доирасида Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталиги тадбирларига старт берилди.

Бутунжаҳон йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад кўплаб ўлим ва жароҳатларга сабаб бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларига эътибор қаратишдан иборат. Жорий йилда глобал миқёсдаги кампания томонидан йўлларда автотранспортларнинг юқори тезлигини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. 

- Йўл-транспорт ҳодисалари бутун дунёда болалар ва ёшлар саломатлигига жиддий шикаст етказиб, жароҳатлар, ногиронлик, ҳаттоки бевақт ўлимнинг асосий сабабига айланмоқда. Дунё миқёсида бир кунда 3000 нафарга яқин болалар йўл транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади ёки оғир тан жароҳати олади,-  дейди Мунир Мамедзаде.

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1469 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, улардан 204 таси болалар иштирокида содир бўлган. 39 таси ўлим ҳолатига олиб келган. Қурбонларнинг аксарияти ўсмирлардир. Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари тезликни ошириш (455 та), йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик (110 та) ва зарур инфратузилманинг йўқлиги (250 та), жумладан, пиёдалар ўтиш жойининг йўқлиги (804 та) ҳолатлари сабаб бўлган.

- Сўнгги пайтда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бош вазир бошчилигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссияси тузилди. Барча ҳудудларда “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда. Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш фақат мутасадди шахслар ва идораларнинг масъулияти эмас. Бу барчамизнинг умумий вазифамиз ҳисобланади, - дея таъкидлади Олим Саидов.

Айрим мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, оқилона сармоя эвазига йўл-транспорт ҳодисаларининг тўлиқ олдини олиш мумкин. Тадбир доирасида йўл-транспорт ҳодисаларида болалар ўлимини сезиларли даражада камайтиришга кўмак бериши мумкин бўлган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu