Маслаҳатчининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, вазирлик тизимидаги барча ташкилот ва муассасаларда (бундан буён матнда вазирлик тизимидаги ташкилотлар деб юритилади) маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ҳамда дастурлар ва “йўл хариталари”нинг ижросини ташкил этиш;
вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни танқидий ўрганиш, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишида иштирок этиш;
вазирликда ходимларга давлат тилини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга, шу жумладан, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича маданий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
географик ва бошқа топонимик объектлар, маданий мерос ҳамда халқ таълими соҳасидаги барча объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва бу борадаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш;
вазирлик тизимидаги ташкилотлар ҳамда уларга тегишли ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашда иштирок этиш ҳамда назорат қилиш;
вазирлик ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотларда давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қуватлаш, халқ таълими соҳасида илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича таклифлар киритиш.