Сайт тест режимида ишламоқда

Янгиланаётган Конституцияда акс этган ижтимоий давлатнинг муҳим жиҳатлари муҳокама этилди

31 март 2023 йил
image

Бугун Бухоро шаҳрида жойлашган Sahid Zarafshon меҳмонхонасида “Конституцион ислоҳот устуворликлари: Ўзбекистон – ижтимоий давлат” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ижтимоий давлатнинг ўзбек модели, унинг шаклланиши ва ривожланиш хусусиятлари муҳокамасига бағишланган тадбирда қатор вазирлик ва идоралар, БМТ болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, янгиланган Конституцияга кўра, “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”дир. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланади.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар муносабати билан ижтимоий вазифаларни ҳал этишга кўпроқ маблағ ажратилмоқда. Хусусан, 2018 йилда мамлакатнинг ижтимоий сиёсатга сарфланган харажатлари 35 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 105,5 трлн. сўмдан зиёдга етди.

Тадбирда иштирок этган Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев ўз нутқида охирги беш йил давомида юртимизда 232 та янги мактаб бинолари қурилганлиги, 4 534 та мактаб қайта реконструкция қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хусусий сектор ҳисобига нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 300 тага етказилиб, мавжуд кўрсаткич 5 бараварга оширилди.

Айтилганидек, ўтган вақт ичида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 72 фоизга, МТТлар сони 5 мингдан 29 мингга етказилди. Энг асосийси, 2030 йилга қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 80,8 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Соҳадаги яна бир муҳим янгилик сифатида, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ташкил этишга рухсат этилганлиги, нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинганлиги қайд этиб ўтилди.

Тадбир давомида мактабгача ва мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг конституциявий асослари, Конституцияда ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар ва ижтимоий соҳада давлатимиз олдида турган узоқ муддатли вазифалар қизғин муҳокама қилинди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu