Сайт тест режимида ишламоқда

БАЪЗИ ОТА-ОНАЛАРНИНГ ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИ ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ КУНДАН КУН КАМАЙИБ БОРАЁТГАНДЕК — ҲИЛОЛА УМАРОВА

13 март 2023 йил
image

БАЪЗИ ОТА-ОНАЛАРНИНГ ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИ ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ КУНДАН КУН КАМАЙИБ БОРАЁТГАНДЕК — ҲИЛОЛА УМАРОВА

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мактаб ўқитувчиси ва ўқувчи ўртасидаги зиддиятли вазият юзасидан ўз фикрини билдирди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мактаб ўқитувчиси ва ўқувчи ўртасидаги зиддиятли вазият ҳамда унинг оқибатлари шу соҳа раҳбари сифатида мени чуқур ўйга солди.

Хавотирим шуки, биз бугун фарзандларимизнинг нафақат билим олиши, балки тарбиясини ҳам бутунлай мактабга юклаб қўйганмиз. Баъзи ота-оналарнинг ўз фарзандлари тарбияси ва хулқи юксалишидаги ўрни кундан кун камайиб бораётгандек.

Таниқли жадид олими Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чақириғи билан бизни тарбия масалаларига катта эътибор беришимиз зарурлигидан ўша даврдаёқ огоҳ этган.

Бугунги замонавий дунёда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар эркин олиб борилиши уларнинг ўзаро мажбурият ва масъулиятларидан озод қилмаслиги зарур. Ўқитувчи билим бериш асносида ўз шогирдларига дўст, ўқувчилар ҳам устозига катта ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим. Буюк мутафаккир Имом Ғаззолий “Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади” дея ушбу нозик жараённинг аҳамиятини очиб берган.

Ўқитувчиларимиз ҳам унутмасликлари керакки, улар ўзи таълим бераётган ўқувчиларнинг дунёқараши ва шахсияти шаклланишидаги энг катта таъсир кўрсатувчи инсонлардир. Устознинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати шогирднинг хотирасида муҳрланади ва унинг келажак йўлини ёритишда хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасидаги катта ташаббуслар ортида ҳам ўқитувчига бўлган катта эъзоз мужассамдир. Айни вақтда лойиҳаси тайёрланаётган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда ҳам ўқитувчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада ошириш каби муҳим ҳаётий заруратлар белгиланмоқда. 

Мақсад катта ва эзгу. Устозларимиз ҳам давлатимизнинг ушбу эътиборини юракдан ҳис қилган ҳолда, ўқувчиларга нафақат билим бериш, балки уларнинг юксак тарбияли ва гўзал хулқли инсонлар бўлиб етишишларида ғамхўрлик қилишлари мақсадга мувофиқдир. Бунда шахсий намуна энг таъсирчан чоралардан биридир.

Ҳурматли ота-оналаримиз ҳам фарзандларининг маънавий етук бўлиб камол топишларида ўз бурчларини унутмасликларини, кўз қорачиғимиздек асраб келаётган болаларимиз келажаги учун ўқитувчилар билан доимий ҳамкорлик қилиб боришларини истаймиз.

Зеро, болага бугун берилган бир ҳикмат ёки тарбия эртага келажак биносига минг ғишт бўлиб қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг кўрсатмасига асосан Тошкент шаҳридаги 152-мактабда юзага келган ҳолат ҳамда мактабдаги таълим ва тарбия жараёнларини ўрганиб чиқиш бўйича вазирлик Ишчи гуруҳи тузилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu