Сайт тест режимида ишламоқда

Яккасаройлик болажонлар учун яна бир ажойиб таълим маскани иш бошлади

21 февраль 2023 йил
image

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги “Қушбеги” даҳасида истиқомат қилувчи мактаб ёшигача бўлган болажонларнинг қувончи чексиз. Айниқса ҳудудда янгидан иш бошлаган 358-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг шодлиги бир олам. Сабаби энди улар меҳрибон тарбиячи опаларидан барча шароитларга эга, шинам ва чиройли хоналарда сабоқ олишади, турли тўгараклардаги машғулотларда доимий қатнашади.

Бугун ўтказилган мазкур мактабгача таълим ташкилоти янги биносининг очилиш маросими катта хурсандчиликларга бой бўлди. Тадбирда мутасаддилар томонидан янги таълим даргоҳи ва унда яратилган шароитлар хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

358-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси 720 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 24 та гуруҳ ташкил этилган.

2022 йилги Инвестеция дастури маблағлари ҳисобидан таъмирланган мактабгача таълим ташкилотининг барча хоналари экологик тоза ва қулай мебель жиҳозлари билан таъминланган.

Бу ерда болажонларнинг енгил атлетика, кураш ва бошқа спорт турлари билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Аҳамиятлиси, тарбияланувчилар алоҳида ташкил этилган 280 ўринли ошхона биносида белгиланган жадвал асосида овқатланишади.

Муассаса тарбияланувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида уларга ментал арифметика, бир неча хорижий тил ва мактабга тайёрлов бўйича зарур сабоқлар бериб борилади. Шу билан бирга расм чизиш, мусиқа, работтехника машғулотлари, кутубхонада ўтказиладиган мутолаа соатлари ҳам болаларнинг ақлий юксалишида катта туртки беради.

Мактабгача таълим ташкилоти ҳовлисида тарбияланувчиларнинг соғлом бўлиб вояга етишлари учун махсус яшил ҳудуд, ёзги ўйин майдони, сув ҳавзаси ва мини футбол стадиони бунёд этилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu