Сайт тест режимида ишламоқда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Жондор туманидаги МТТ пeдагогларининг малакасини ошириш бўйича зарур тавсиялар бeрди

17 февраль 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Агриппина Шин Бухоро вилоятидаги қатор таълим муассасаларида бўлди ва мактабгача таълим йўналишида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича танишди.

Хусусан, вилоятнинг Жондор туманидаги жойлашган, Мактабгача таълими агентлиги тасарруфидаги Педагогика коллежида таҳсил олаётган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича йўлга қўйилган ишларни кўздан кечирди.

Коллеж раҳбарияти ва педагоглари билан учрашув давомида талабаларнинг қўл меҳнатидан фойдаланган ҳолда ёш болалар учун дидактик материаллар тайёрлаш ва ушбу маҳсулотларни мактабгача таълим ташкилотларига тақдим этишига доир зарур кўрсатмалар берди. Шунингдек, муассасада турли тўгараклар ташкил этган ҳолда ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат қилаётган педагогларнинг малакасини ошириш бўйича масъулларга муҳим тавсиялар бериб ўтди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари иштирокида тумандаги 17-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган ўрганишлар давомида ҳам муассасадаги қатор жараёнлар таҳлил этилди.

Ушбу мактабгача таълим ташкилоти 2022 йилда 2.5 млрд сўмлик Инвестиция дастури маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланди.

Ўрганишлар давомида ушбу таъмирлаш ишларида йўл қўйилган камчилик ва хатолар тилга олинди ҳамда уларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Мактабгача таълим ташкилоти ходимлари иштирокида ўтган учрашувда мактаб ёшигача бўлган болаларнинг ақлий билимларини ошириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида тарбиячи-педагоглар олдида турган вазифалар тилга олинди. Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларининг жамият ривожи ва ёшлар онгини ривожлантиришдаги ўрни алоҳида қайд этиб ўтилди.

Маълумот учун: ҳозирда Жондор туманида 164 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 14 433 нафар бўлиб, уларнинг 10 103 нафари мактабгача таълим билан тўла қамраб олинган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu