Сайт тест режимида ишламоқда

Бобур ҳаётида фарзанд тарбияси

14 февраль 2023 йил
image

Заҳириддин Муҳаммад Бобур юртимиз ва дунё маданияти тарихида улкан из қолдирган йирик мутафаккирлардан биридир.

Буюк Амир Темур сулоласининг давомчиларидан бири бўлган Бобур оилавий анъаналардан келиб чиқиб фарзанд тарбияси ва уларнинг юксак билимли инсонлар бўлиб камол топишига катта эътибор берган.

Унинг шоҳ асари “Бобурнома”да Бобур ўз фарзандларининг таълим-тарбиясига доимо катта эътибор берган, салтанат ишлари ва ижоддан бўш вақтларида уларнинг таълим олиши, хулқи ва тарбиясини мунатазам назорат қилган.

Бобур фарзандларига муҳаббати кучлилигидан улар учун алоҳида асарлар яратган, дунёвий ва диний илм, давлат ишлари ва ижод ҳақида болалари билан мактублар ёзишишган. Хусусан, фарзандлари учун китоб ёзишни оталик ва подшоҳлик бурчи деб ҳисоблаган Бобур 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб “Мубаййин” асарини ёзади.

Ўғли Комронга ёзган мактубида фарзандининг иқболи йўлида муҳим фикрларни билдира туриб, “...умидим борким, жамиъи қобилият ва салоҳият бобида комил ва мукаммал бўлуб камолға етгайсен”, дея унинг келажагига катта ишонч билдиради.

Бобур ўғли Ҳумоюнга ёзган мактубида фарзандига шундай танбеҳ беради: “Яна мен дегандек бу хатларингни битибсен ва ўқумайсен, не учунким, агар ўқур хаёл қилсанг эди, ўқий олмас эдинг. Ўқий олмагандин сўнг албатта тағир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқиса бўладур, вале асру муғлақтур…”

Англанадики, Бобур фарзандларининг нафақат илмли ва комил шахс бўлишини, балки хатларини имло хатоларисиз, содда ва равон тилда ёзишга ундаган.

Катта истеъдод ва мукаммал шахс, меҳрибон ота ва мураббий қўл остида камолга етган фарзандлар вақт ўтиб йирик олим ва ижодкорлар бўлиб етишишди. Хусусан, Бобурнинг тўрт ўғли — Ҳумоюн, Комрон, Аскарий, Ҳиндол ва қизи — Гулбаданбегим атоқли шоир, адиб ва олимлар сифатида илму санъат ривожига катта ҳисса қўшиб келдилар.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu