Сайт тест режимида ишламоқда

ЎҚУВЧИЛАРГА ИККИТА ХОРИЖИЙ ТИЛ ВА ҲУНАР ЎРГАТАЁТГАН МАКТАБ

2 февраль 2023 йил
image

Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, ўқувчиларга иккита хорижий – инглиз ва корейс тилининг ўқитилиши йўлга қўйилган. 

Айни пайтда мазкур муассасада 12 нафар инглиз тили, 4 нафар корейс тили фани ўқитувчиси фаолият олиб бормоқда. Улар ўзига хос маҳорат ва тажрибага эга педагоглардир. 

Мактаб ўқувчилари 3-синфдан бошлаб 2 та хорижий тилни ўргана бошлашади. Бугунги кунда ҳар 2 тилда ҳам эркин сўзлаша оладиган ўқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда. Уларнинг 30 нафарга яқини тил билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатларни қўлга киритишган.  

— 7 ёшимдан дастурлаш йўналишига қизиқаман. Айни пайтда бу борадаги билимларимни бойитишга интиляпман. Келажакда ИТ соҳасида кучли мутахассис бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман. Бунинг учун хорижий тилларни билиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам инглиз ва корейс тилларини чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман. Мактабимизда бу борада кенг имкониятлар яратилган, — дейди мактабнинг 10-синф ўқувчиси Аҳмадулло Субҳонов. — Корейс тили йўналишида ҳар йили фан олимпиадаларининг шаҳар ва туман босқичларида муваффақиятли иштирок этиб келаман. 2021 йилда Корея давлати томонидан ташкил этилган халқаро ёшлар конференциясида фаол иштирок этиб, махсус сертификатни қўлга киритдим. Шу йили корейс тилини билиш даражасини белгиловчи халқаро имтиҳонда ҳам иштирок этиб, сертификатга эга бўлдим. 

2020 йилдан корейс тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мақомини олган ушбу мактаб Корея таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Ўқитувчи ва ўқувчилар халқаро конференцияларда иштирок эта бошлашди. 

2020-2021 йилда мактабнинг 12 нафар ўқувчиси ва 5 нафар ўқитувчиси Корея таълим вазири томонидан имзоланган сертификат, иқтидорли ўқувчилардан бир нафари фаол иштироки учун медаль билан тақдирланди.  

2020 йилда мактаб битирувчиси Жамшид Дурбоев элчихона орқали 110 минг долларлик ГКС грантини қўлга киритиб, ҳозирда Кореяда таҳсил олмоқда. Яна бир битирувчи Мадина Ғайбуллаева эса мазкур грант асосида магистратурада ўқишни бошлади. 

Қисқа муддат ичида эришилган ютуқлари натижасида 42-ИДУМ Корея республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Корея Республикаси Таълим маркази томонидан "Корейс тилини ўқитиш бўйича намунавий мактаб" деб топилди.  

2022 йилда мазкур мактаб Кореянинг Сунчон миллий Университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади ва ушбу меморандум доирасида бир неча лойиҳаларни амалга оширди. 

Яқинда мактабнинг бир гуруҳ ўқувчи ва ўқитувчилари Сунчон миллий Университетининг «Кореяшунослик» лойиҳасида иштирок этиб қайтишди. 

Айтиш жоизки, таълим муассасасида ўқувчиларга 2 та хорижий тилни ўқитиш баробарида уларга касб-ҳунар ўргатиш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган. 

— Бу борада бизга “Бухоро зардўзлик маркази” яқиндан ёрдам бермоқда, — дейди мактаб директори Ҳалима Нуриллаева. – Марказ мактабимиз яқинида жойлашган бўлиб, зардўзлик, каштачилик ва рассомлик санъатига қизиқувчи ўқувчиларимиз дарсдан сўнг шу ерда ҳунар ўрганишмоқда. Эндиликда биз технология дарсларини ҳам мазкур марказда амалиёт билан уйғунликда олиб боришни режалаштирганмиз.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu