Сайт тест режимида ишламоқда

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ИНСОНЛАР УЧУН ЧЕКСИЗ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИШ УЛАР ЯШАБ ТУРГАН ЖАМИЯТНИНГ БУРЧИ САНАЛАДИ. УСТОЗЛАРИ ЁРДАМИДА МУВАФФАҚИЯТЛАРГА ЭРИШАЁТГАН ЎҚУВЧИЛАР

2 декабрь 2022 йил
image

Хорижий психологларининг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган инсонлар аксарият ҳолларда ўзларини жамиятга кераксиз, деб ҳис қилишар экан. Уларнинг руҳий олами айрим ҳолларда бир мунча заиф эканлиги тадқиқотларда таъкидлаб ўтилган. Худди шундай ҳолатларни алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўриш имконияти чекланган болаларда ҳам кўп бора кузатилади. Бу ҳолатда тажрибали ва маҳоратли, энг асосийси, ўқувчиларга нисбатан қалбида меҳри лиммо-лим бўлган ўқитувчилар мураккаб вазиятни енгиллаштиришга қодирлиги билан таҳсинга сазовор бўлади.

Айни вақтда Навоий вилояти алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган "Нурли маскан" мактаб-интернатида 150 га яқин ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ўқувчиларнинг аксарияти мактаб-интернатнинг ўзида ўқиш билан бир қаторда ётоқхонада қолиб тарбияланади. Демакки,  уларга ота-оналари, яқин қариндошлари, ўзлари туғилиб ўсган уйларидан узоқдалигини билдирмаслик халқ таълими соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир педагог ходимнинг муқаддас бурчи саналади.

-Таълим масканимиздаги ҳар бир ўқувчи педагогларимизнинг эътибор марказида, - дейди Навоий вилояти алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган "Нурли маскан" мактаб-интернатининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Мирсаид Жалилов. - Чунки улар билан ишлаш жараёнида бир оила, ака укадай бўлиб кетишади. Ҳаттоки ёши улуғроқ ўқитувчи ва тарбиячилар ўқувчиларни ўз фарзандларидек кўриб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Самимий мулоқот орқали уларни қийнайдиган, ҳеч кимга айтолмайдиган муаммо ва муддаоларини тинглаш орқали ҳам руҳий, ҳам маънавий жиҳатдан мадад ва кўмак беришади. Ўғил-қизларни билим олиши, соғлом тенгдошлари сингари вояга етиши ва энг муҳими келажакда ўзларини ватанга ва жамиятга керакли эканликларини ҳис қилиши учун астойдил кўмаклашади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларни олий таълимга қамрови бир неча каррага кўпайганлиги ва уларни иш билан бандлик даражасида ҳам сезиларли ишлар қилинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Биргина 2016-2022 йилларда мазкур мактаб-интернатни тугатган битирувчиларнинг 85% дан зиёди институт ва университетларда таҳсил олиб, олий таълим соҳасида ҳам фаолиятини давом эттираётгани қувонарли ҳолдир. Уларнинг бир нечтаси илмий фаолиятини ошириб, халқаро ва Республика миқёсидаги конференция, илмий анжуман ва семинарларда доимий равишда фаол иштирок этиб, PhD даражасини (фалсафа доктори) олиш ҳаракатида диссертация ҳимояларига тайёргарлик кўраётганлиги катта ютуқларимиздандир.

Фарғона шаҳридаги 30-мактабнинг 8-“Э” синф ўқувчиси Алишер Камолжоновнинг ташхиси болалар церебрал фалажлиги. Устози Нозима Маматованинг айтишича,   Алишер уй таълимида сабоқ олади. Маҳоратли ўқитувчи бола қалбига йўл топиб, Алишерга дарсларни қизиқарли ўтишга ҳаракат қилади. Шу боисдан ҳам Алишер барча фанлардан яхши баҳоларга ўқийди. Дарсдан ташқари ҳам тиришқоқ ўқувчи компьютер ўрганишга ҳаракат қилади. Унинг орзулари жуда кўп, у келажакда спорт шарҳловчиси бўлмоқчи.

- Ҳар доим Алишернинг хонадонига борганимда ота-онаси томонидан унга жуда яхши шароитлар яратилиб берилганининг гувоҳи бўламан, - дейди Фарғона шаҳридаги 30-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Нозима Маматова. -  Алишер учун алоҳида дарс хонаси, парта, доска — ҳамма шароит мавжуд. Алишернинг спортга қизиқиши жуда катта, айниқса, футболни жуда севади. Синфдошлари ҳам Алишерни яхши кўришади, ҳар доим хабар олишади. Ўзини бошқа тенгдошларидан кам бўлмаслиги учун у доим ўз устида ишлайди, ўқийди, изланади. Буларнинг барчасига синф раҳбари сифатида кўмаклашаман, болани доимий руҳан қўллаб-қувватлайман!

Ногиронлиги  бўлган шахсларниннг ногиронлик турларига қараб ижтимоий ҳаётнинг айрим жабҳаларида имконияти чекланганлиги табиий ҳол. Бундай инсонларнинг имкониятлари чексизлигини таъминлаш улар яшаб турган  жамиятнинг, улар атрофидаги инсонларнинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Ногирон инсонлар, болалар билан ишлаш, уларни тушуниш , ҳис қилиш учун уларнинг атрофдагилари, бу соҳа вакилларидан самимий меҳр, эътибор талаб этади. Қаерда уларга нисбатан самимий муносабат, меҳр, хайрихоҳлик, ишонч мавжуд бўлса у ерда инсон иродаси матонати нималарга қодирлиги намоён бўлади.

Бухоро шаҳридаги 24-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида айни пайтда 6 дан 18 ёшгача бўлган 279 нафар ўқувчи бўлиб, бу ўқувчиларга 61 нафар ўқитувчи, 55 нафар тарбиячи  таълим-тарбия бериб келмоқда. Таълим муасссасида ўқувчиларнинг жисмоний ҳолатидан келиб чиққан ҳолда уларни соғлом, маънан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳамда дунёқарашини, ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида таълимий,  маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, 2021-2022 ўқув йилидан битирган 40 нафар ўқувчидан 17 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. 11-синф битирувчиси Сабина Нуритдинова 4-босқич республика фан олимпиадасида математика фанидан 3- ўринни эгаллади. Жорий йилнинг 11-17 май кунлари Наманган вилояти, Косонсой шаҳрида шашканинг 64 катакли спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида ўқувчилар иштирок этиб 4 нафари 1-ўрин, 2 нафари 3-ўринни эгаллади. Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган китобхонлик, спорт мусобақаларида умумий жамоа ҳисобидан 3-ўринни,  Жавоҳир Жамолов шашка спорт тури бўйича 1-ўрин, Озод Худойбедиев енгил атлетика бўйича 2-ўрин, Мизроб Баротов Дзюдо спорт тури бўйича 3-ўринни эгаллади.

 

Муваффақиятга эришаётган бу каби ўқувчиларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Улар эришаётган ютуқларда, албатта, устозларининг меҳнатлари мужассам.

Хулоса қилиб айтганда бугун Европа психологларининг тадқиқотларини Ўзбекистон шароитида бартараф этиш йўлида ҳаттоки давлат сиёсати даражасида амалий ишлар қилинаётганлиги, ҳар томонлама пухта ўйланган оқил дастурлар, қарор ва фармонлар қабул қилиниб, ижроси таъминланаётганлиги жуда катта самара бераётганлиги кузатилмоқда. Бу борадаги ишларни бундан кейин ҳам жадаллаштириш лозимлиги давлатимиз раҳбарининг энг устувор режалари қаторида эканлиги ҳаммани қувонтирмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu