Сайт тест режимида ишламоқда

Халқ таълими вазири Навоий шаҳар мактабларида бўлди

24 ноябрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Навоий шаҳридаги бир нечта умумтаълим мактабларида бўлди. Мазкур жараёнда мактабларнинг инфратузилмаси, куз-қиш мавсумига тайёрлиги, ўқувчиларнинг билим даражаси, ўқитувчиларни қизиқтираётган масалалар, битирувчиларнинг касбий қизиқишлари, уларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш ишларининг ташкил этилиши ва бошқа қатор муҳим, долзарб ҳамда устувор жиҳатларни ўрганди.

Дастлабки манзил шаҳардаги 15-мактаб бўлди. Айни пайтда муассасада 1100 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бахтиёр Саидов 11-”А” синф ўқувчилари билан фанлар кесимидаги қизиқишлар, касбий диагностика, олий таълимга тайёргарлик хусусида суҳбатлашиб, ўқувчилар билимини ҳам синовдан ўтказди. Мулоқот чоғида фаоллиги ва билимдонлиги билан ажралиб турган ўқувчилар Эъзоза Пардаева, Зебо Норбекова замонавий ноутбук билан тақдирланди.

Кейинги манзил Навоий шаҳар “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан барпо этилаётган 990 ўринли мактаб бўлди. Вилоят халқ таълими бошқармаси буюртмаси асосида бош пудратчи “Жозибали Қурилиш Монтаж” масъулияти чекланган жамият томонидан кенг кўлами қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Вазир қурилишнинг стандартларга мувофиқлиги, ўқувчилар қатнови прогнози ҳамда зарур қурилиш-техник жиҳатлар тўғрисида маълумотларга эга бўлди.

Шундан сўнг Бахтиёр Саидов 70 фоиз ўқитувчилари олий тоифага эга бўлган 16-алоҳида фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослашган умумтаълим мактабига борди. 3100 нафардан ортиқ ўқувчи таълим оладиган мазкур мактаб рейтингда юқори поғоналарда туриши билан фарқланади. Вазир томонидан 7-синфнинг иқтидорли ўқувчилари Хондамир Зокиров ва Баҳора Абдуҳакимовага ноутбук тақдим этилди.

Халқ таълими вазири ва ўқитувчилар ўртасидаги суҳбат ҳам халқ таълимидаги энг асосий нуқта: сифат ва мазмун ҳақида, хусусан, халқаро тажриба, халқ педагогикасидан фойдаланиш, жаҳон ареналарига чиқиш зарурати хусусида бўлди.

Бахтиёр Саидов мактаб боғига кўчат ўтқазиб, “Яшил макон” умуммиллий акциясига ҳисса қўшди.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu