Сайт тест режимида ишламоқда

Мактабларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича камчиликларга йўл қўяётган масъуллар огоҳлантирилди

23 ноябрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов раҳбарлигида ҳудудий халқ таълими бошқарма ва бўлимлар, эксплуатация хизмати масъуллари иштирокида мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида кузатилаётган муаммо ва камчиликлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш аввалида вазир Бахтиёр Саидов томонидан халқ таълими муассасаларини 2022-2023 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари жойларда талаб даражасида олиб борилмаётганлигини танқид қилиб ўтди.

Хусусан, халқ таълими тизимида 10 мингдан ортиқ мактаблар мавжуд бўлиб, уларнинг моддий-техник ҳолати ва инфратузилмаси ўша ердаги маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари томонидан мувофиқлаштирилиши лозимлиги, тизим раҳбарлари эса ҳокимликлар билан муаммоларни ҳал этиш масалаларини тезкорлик билан амалга ошириши зарурлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда Республика Ишчи гуруҳлар томонидан жойлардаги ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилиб, қатор камчиликлар аниқланаётганлиги тилга олинди.

Хусусан, республика Ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги “Ойбек” маҳалла ҳудудида жойлашган 58-сон мактаб ва унинг филиалларига 20 тонна яроқсиз кўмир етказиб берилганлиги, иситиш қозони умуман яроқсиз ҳолатда эканлиги, мактаб ота-оналар томонидан олиб келинадиган ўтин ёрдамида, “буржуйка” печкаларда иситиб келинаётганлиги танқид қилинди.

Вилоятнинг Қамаши туманидаги 85-мактаб филиали аҳволи ҳам ўта ачинарли ва таъмирталаб ҳолатда эканлиги, иситиш тизими йўқлиги, Наманган вилояти Уйчи туманидаги 4-сон мактаб қозонхонасидаги тақсимлаш қутисида носозлик аниқланганлиги қайд этилди.

Вазир томонидан ҳар бир ҳудуддаги халқ таълими бошқарма бошлиқлари ва туман халқ таълими бўлими мудирлари мактабларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича аниқланган муаммони туман ҳокими билан биргаликда тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича кафолат хати тақдим этиши юзасидан топшириқ берилди.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида сусткашликка йўл қўйган соҳа масъулларига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Шунингдек, ўқитувчиларни ўз хизмат вазифасидан ташқаридаги ишларга жалб қилмаслик бўйича ҳудудий раҳбарлар яна бир бор огоҳлантирилди. Ўқитувчи ва устозлар фақат мактабда таълим сифатига жавоб бериши кераклиги, дарс мазмуни уларнинг биринчи ва ягона вазифаси бўлиши лозимлиги тушунтирилди.

Ҳудудий масъуллар мактабларда интизом масалаларига алоҳида эътибор бериш кераклиги, таълим жараёнига боғлиқ мурожаат ва муаммоларни жойлардаги мутасаддилар ўрганиб, ҳал этиши лозимлиги, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган тизимга доир танқидий материалларга ўз вақтида муносабат билдириш, келтирилган муаммоларни тезкор ўрганиш бўйича барча даражадаги раҳбар ва масъуллар қатъий огоҳлантирилди.

Йиғилишда ҳудуд раҳбарларининг кун тартибидаги масалалар бўйича ҳисоботлари тингланди.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu