Сайт тест режимида ишламоқда

Халқаро конференция иштирокчилари пойтахтимиздаги 110-мактаб фаолияти билан танишди

16 ноябрь 2022 йил
image

Жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш” мавзусидаги II Бутунжаҳон конференцияси доирасида иштирокчилар юртимиздаги қатор таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

Бугун хорижлик меҳмонлар пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-мактабда бўлиб, бу ерда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароит, дарс жараёнлари ва ўқувчиларнинг дарсдан ташқари машғулотларни кўздан кечирди.

Конференция иштирокчилари мактаб ўқувчилари ва педагоглар билан мулоқотда бўлиб, ушбу мактаб мисолида Ўзбекистонда халқ таълимини ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, миллий ўқув дастурлари, дарсликларнинг янги авлоди, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар билан танишди.

Ўзаро самимий руҳда кечган учрашувлар давомида меҳмонлар  мактаб ўқувчиларининг ҳозиржавоблиги ва билимига юқори баҳо берди. Мамлакат етакчиси ташаббуси билан Ўзбекистонда таълим соҳасида эришилаётган ўзгаришлар, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва рағбатларни эътироф этиб ўтди.

Шу билан бирга мактабда спорт заллари, астрономия машғулоти учун планетарий, кимё ва биология лаборатория машғулотларида ҳам иштирок этди.

Тадбир сўнгида мактабнинг иқтидорли ўқувчилари иштирокида меҳмонларга концерт дастури намойиш этилди.

Учрашув сўнгида конференция иштирокчилари келгусида мазкур мактаб билан ўқув-методик йўналишда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ташаббусини билдириб ўтди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu