Сайт тест режимида ишламоқда

Вазирлик мутасаддилари Сурхондарё вилоятидаги таълим даражаси паст мактабларда ўқув жараёни билан танишмоқда

20 октябрь 2022 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги вазирлик масъуллари Сурхондарё вилоятидаги таълим даражаси паст мактабларда ўқув жараёни, ўқувчиларга яратилган шароитларни ўрганишда давом этмоқда.

Мутасаддилар бугун вилоятнинг Музработ туманидаги 41-мактабда бўлди. 10- ва 11-синф ўқувчиларининг дарс машғулотида иштирок этиб, эгаллаётган билимлар юзасидан савол-жавоб ўтказилди. Афсуски, ўқувчилар 10 йил давомида етарли билимга эга бўлмаётганлиги, айниқса математика, кимё, биология, физика фанларидан билимлари анча саёз эканлиги маълум бўлди. Шу билан бирга, 11-синф ўқувчилари билан мулоқотда касб танлаш борасида ҳам етарли тушунчага эга эмасликлари кузатилди. 16 нафар ўқувчи 4 тагина касбни танлагани аниқланди. Уларга фаровон ҳаётга эришиш ва мамлакатимиз ривожи учун бошқа касбларни ҳам эгаллаш лозимлиги, бунинг учун педагоглар ўқувчиларга турли касблар ҳақида маълумот бериши зарурлиги таъкидланди. Мактаб директори ўқувчиларга етарли билим бериш, педагогларнинг масъулиятини ошириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилиб, таълим сифатида ўзгариш бўлмаса, келгусида раҳбар фаолияти қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.

Сўнгра тумандаги 4-мактабда бўлиб, таълим жараёни таҳлил этилди. 11-синф ўқувчиларининг ўзлаштириши, эгаллаётган билим ва малакасини аниқлаш мақсадида турли фанлардан саволлар берилди. Ўқувчиларга барча фанларни тўлиқ ўзлаштириш зарурлиги, мактабда олинган билим эртанги ҳаёт учун муҳимлиги, бу борада касбларни тўғри танлаш, 4-5 та касб билан чегараланмай, касблар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш тушунтирилди. Жамият ривожи учун ҳамма соҳа бўйича мутахассис зарурлиги таъкидланди.

Савол-жавобларда фаол қатнашган 2 нафар ўқувчига ноутбук тақдим этилди.

Келгуси йилда мактабга қўшимча 180 ўринли бино қуриш бўйича Инвестиция дастурига таклиф киритиш режалаштирилган. Натижада ўқув жараёнлари қарийб бир навбатга ўтказилиб, дарсдан сўнг турли тўгараклар ташкил этишга имконияти яратилади.

Вазирлик мутасаддиларининг вилоят таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш жараёни давом этмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu