Сайт тест режимида ишламоқда

Таълим вазирликларининг ички аудит хизматлари фаолияти таҳлил этилди

17 октябрь 2022 йил
image

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари мутасаддилари иштирокида ушбу вазирликларининг ички аудит хизмати фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида тегишли вазирликлар томонидан Ички аудит хизмати фаолияти бўйича 2022 йил 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Халқ таълими вазирлиги масъул ходимлари томонидан берилган маълумотга кўра, вазирлик Ички аудит хизмати фаолиятидаги асосий эътибор тизимдаги таълим  муассасалари ўртасида профилактика чора-тадбирларни кучайтиришга қаратилган.

2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ўтказилган комплекс аудит тадбирлари натижасида 609 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига эришилди. Тизимдаги таълим муассасаларида ўтказилган 619 та назорат тадбирларида 64,8 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиш (шундан, 12,1 млрд. сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланди.

Жумладан. таълим муассасаларда аслида ишламайдиган ходимларга иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш ва ишловчи ходимларининг ойлик маошларига қўшиб ёзиш йўли билан Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 836,5 млн. сўм, Деҳқонобод туманида 243,8 млн. сўм, Косон туманида 233,2 млн. сўм, Миришкор туманида 111,1 млн. сўм маблағ талон-торож қилинганлиги маълум бўлди.

2022 йил 9 ойлик давомида аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш мақсадида таркибида жиноят аломатлари бўлган 64,7 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ваколатли органларга тақдим этилди.

Жорий йил ҳисобот даврида молиявий қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги учун тизимдаги 285 нафар масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган. Шундан, 201 нафар масъул ходимга нисбатан ҳайфсан эълон қилинган, 61 нафар масъул ходимга нисбатан жарима қўлланилган ҳамда 23 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, фуқаролар иштирокида назорат тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилган бўлиб, вазирлик томонидан жорий йил 1-10 октябр кунлари фуқаролар иштирокидаги аудит тизимида назорат объектларини танлаш жараёни ўтказилди. Натижаларга кўра, Давлат аудит (www.davlatauditi.uz) тизимида 107 нафар фуқаро томонидан 53 та назорат объектлари учун овоз берилиб, шундан энг кўп маротаба танланган 3 та объектда жорий йил ноябрь ойида ўрганиш ўтказилиши режалаштирилди.

Қайд этилганидек, Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш борасида рақамлаштириш ҳамда профилактика тадбирларини янада кучайтириш орқали зарур чоралар доимий равишда давом эттирилади.

Тадбир сўнггида журналистлар томонидан мавзуга оид саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu