Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳурматли халқ таълими тизими ходимлари, устозлар ва азиз ўқувчилар!

5 сентябрь 2022 йил
image

Cизларни янги — 2022/2023-ўқув йили бошланиши муносабати билан самимий табриклайман.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаравонлигини ошириш, хусусан, халқ таълими тизимини ривожлантириш, фарзандларимизнинг етук ва баркамол авлод бўлиб камол топиши йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида сизларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз катта эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтишдан мамнунман. 

Мураккаб ва шарафли соҳамизда олиб борилаётган кўп қиррали ислоҳотларни амалиётга жорий этиш, юртимиз ёшларининг эртанги порлоқ ва бахтли ҳаётини таъминлаш, уларнинг билимли, юртимизга содиқ ва фидойи инсонлар бўлиб вояга етишида ҳар бирингизнинг алоҳида ўрнингиз, хизматингиз бор. 

Азиз ўқувчилар!

Мактабда севимли устозларингиздан олаётган билимингиз, таълим-тарбия ва ҳаётий сабоқларингиз келажакда нафақат ўзингизнинг камолотингиз, балки мамлакатимиз тараққиёти ва фаравонлигини таъминлашда ғоят муҳим эканлигини барчангиз яхши англаб турибсиз.

Юртимиз келажаги, яқин инсонларингизнинг бахтли ҳаёт кечириши бевосита сизнинг бугун олаётган билимингиз ва олдингизга қўйган эртанги мақсадларингиз ижобатига боғлиқ. Шундай экан, барчангиздан бошланаётган янги ўқув йилида янада қунт билан билим олиш, устозларингиз ва ота-оналарингизнинг ўгитларига мунтазам амал қилиш талаб этилади.

Қадрли ўғил-қизлар!

Шуни унутмангки, буюк бобокалонларимиз — Хоразмий, Беруний, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб соҳаларнинг билимдони ва даҳоси бўлиб етишишингизда сизга фақат ва фақат таълим ёрдам беради. Олдингизга юксак марраларни қўйиб, қунт билан сабоқ олишингиз сизни ана шундай баланд парвозларга тайёрлай олади.

Мактаб — орзуларга қанот бағишлайдиган, ҳар бир ўқувчининг келажак мақсадлари ижобатига пойдевор бўлувчи муқаддас маскан. Мактаб — ҳар бир ўқувчининг маънавий уйи, унда олинаётган билим ва сабоқлар эса сизлар учун катта бойлик, йўқолмас хазинадир.

Хулоса шуки, юртимизнинг келажакда тараққий этган давлатлар қаторига қўшилиши ва ривожланиши сизларнинг мазкур масканда олаётган маънавий бойлигингизга боғлиқ.

Доно халқимиз таъбири билан айтганда, билим — ҳар қандай вақтда йўлингизга маёқ бўлади, сизга дунё эшикларини очади.

Ишонаманки, сиз мактабда олаётган юксак билим ва тарбиянгиз билан бу давонлардан оғишмай ўта оласиз.   

Янги ўқув йилида барчангизга катта иштиёқ ва куч-қувват тилаган ҳолда, таълим жараёнида эришган ютуқларингиз билан устозларингиз ва яқинларингизнинг юзини ёруғ қилишингизга ишонаман.

 

Бахтиёр САИДОВ
Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазири

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu