Сайт тест режимида ишламоқда

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Халқ таълими вазирлиги томонидан 270,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига эришилди 

16 июль 2022 йил
image

Бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги Ички аудит хизмати фаолиятининг жорий йил I ярим йиллик натижалари сарҳисобига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шу каби муҳим рақамларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 
 

Тадбирда қатнашган Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ўтказилган тадбирлар натижасида 270,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига эришилди. Шунинг билан бирга, таълим муассасаларида ўтказилган 524 та назорат тадбирларида 37,7 млрд. сўмлик қонун бузилиш, шундан 10,4 млрд. сўмлик пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда Сурхондарё вилояти Денов туманида ўтказилган назорат тадбирида, иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча олинган 2,8 млрд.сўм нақд пул маблағлари, кассага кирим қилинмасдан ўзлаштирилиши, фуқароларнинг шахсий кредитларни сўндириш ҳамда омонатга жойлаштириш орқали 6,9 млрд.сўм маблағ талон-торож қилинган.  

Қайд этилганидек, бакалавр ва қайта тайёрлов дипломлари қалбакилаштирилиши ҳисобига Жиззах вилоятида 1,9 млрд. сўм, Сирдарё вилоятида 1,8 млрд. сўм, Бухоро вилоятида 1,4 млрд. сўм, Қашқадарё вилоятида 0,1 млрд.сўм, жами 5,3 млрд. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган. 

Темур Комилов келтириб ўтилган рақамлар миқдори билан боғлиқ журналистлар томонидан берилган саволга жавоб берар экан, халқ таълими катта ҳажм ва ходимларга эга мураккаб тизим эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди: 

— Албатта, ҳеч бир соҳа камчиликдан холи эмас, жумладан халқ таълими тизими ҳам. Шунга кўра, бизнинг соҳада ҳам маълум миқдорда молиявий хатоликларга йўл қўйилмоқда. Гап бу ерда етти юз минг ходимга эга ҳамда фарзандларимизнинг келажак ҳаётига бевосита таъсир кўрсатувчи тизим ҳақида кетмоқда. Шу ўринда халқ таълими тизимига ажратилган маблағлар республика давлат бюджетидан тегишли ташкилотларга ажратилган энг катта миқдор кўрсаткичга эга — 30 триллион сўмга яқин. Шу боисдан тизимда аниқланаётган молиявий хато ва камчиликлар сони ҳам шунга мутаносиб равишда катта миқдорни ташкил қилади. Шу боис Ички аудит хизмати томонидан молиявий қонун бузилиш ҳолатларига қарши олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда, деб айтишимга барча асослар етарли. 2020 йилда аниқланган жами молиявий қонун бузилишларнинг ажратилган бюджет маблағларига нисбатан улуши 1 фоиз (шундан, камомад ва ўзлаштиришлар миқдори - 0,3 фоизни) миқдорида бўлган бўлса, 2022 йил I ярим йил якунлари бўйича жами молиявий қонунбузилишлар - 0,2 фоизни (шундан, камомад ва ўзлаштиришлар миқдори - 0,1 фоизни) ташкил этганлигини таъкидлаш жоиз. Яъни, халқ таълими тизимида молиявий қонун бузилиш миқдорларининг йилдан-йилга камайиб бораётганлигини кузатиш мумкин. 

Вазир ўринбосари қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва айбдорларга нисбатан кўрилган чораларга доир саволларга ҳам батафсил жавоб бериб ўтди.

Айтилганидек, жорий йилнинг олти ойи давомида молиявий қонун бузилиш ҳолатларига  йўл қўйган 125 нафар масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган. Уларнинг 89 нафарига ҳайфсан эълон қилинган, 16 нафарига жарима қўлланилган, 20 нафар масъуллар эса ўз лавозимидан озод этилган.  

Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш мақсадида таркибида жиноят аломатлари бўлган 37,6 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди. 

Тадбир сўнггида журналистлар томонидан берилган мавзуга доир бошқа саволларга ҳам тегишли жавоблар берилди. Хусусан, рақамлаштириш ҳамда профилактика тадбирларини самарали давом эттириш орқали тизимдаги молиявий хато- камчиликларни олдини олиш чораларига жиддий эътибор берилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu