Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОНЛИК 6 НАФАР ЎҚУВЧИ БААДА ЎТАЁТГАН 18-ХАЛҚАРО ТАБИИЙ ФАНЛАР ОЛИМПИАДАСИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

13 декабрь 2021 йил
image

Жорий йилнинг 12-21 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида Ўсмирлар ўртасида 18-Халқаро Табиий фанлар олимпиадаси (IJSO) бўлиб ўтмоқда. Халқаро олимпиадада табиий фанлар, яъни кимё, биология ва физика фанлари бўйича ўқувчи ёшларнинг комплекс билимларини синашга ва дунё бўйича мазкур фанлардан мактаб ўқувчиларининг рақобат қилишлари учун соғлом муҳит яратишга қаратилган.

Халқаро олимпиада ташкилотчилари томонидан бу йилги олимпиада гибрид форматда, яъни ҳар бир иштирокчи давлатдан бир нафар терма жамоа раҳбари бевосита қатнашади, терма жамоа аъзолари ҳамда 2 нафар терма жамоа раҳбари эса онлайн шаклда иштирок этиши белгиланган.

Ўсмирлар ўртасидаги Халқаро Табиий фанлар олимпиадасида дунёнинг 70 га яқин давлатидан жами 400 нафар иштирокчи ўқувчи, 500 нафар жамоа раҳбари ва кузатувчи иштирок этмоқда.

Мазкур Халқаро олимпиада 3 турда ўтказилади:

✅биринчи турда иштирокчиларга 30 та тест топшириқ;

✅иккинчи турда 5 та назарий топшириқ;

✅учинчи турда табиий фанлардан амалий топшириқлар берилади.

Мазкур халқаро олимпиадада иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини саралаш жорий йилнинг 18 сентябрь куни Фарғона шаҳрида ўтказилди.

Энг юқори натижаларни қайд этган 6 нафар ўқувчи Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинди.

✅Абдуллоҳ Маҳмудов (Тошкент шаҳри, 81-ИДУМ ўқувчиси);

✅Ахрор Баҳодиров (Тошкент шаҳри, Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар va кимёгарлар мактаб-интернати ўқувчиси);

✅Алибек Норбутаев (Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, 1-ИДУМ ўқувчиси)

✅Далер Раҳимов (Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, 35-мактаб ўқувчиси)

✅Шахзода Ҳакимова (Тошкент шаҳри, Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар va кимёгарлар мактаб-интернати ўқувчиси)

✅Соҳибжон Дилмуродов (Тошкент шаҳри, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси)

Ўсмирлар ўртасида Халқаро Табиий фанлар олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси илк бор 2019 йил иштирок этиб, битта бронза медалини қўлга киритган эди.

Бу йилги олимпиадада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган ёшларимизга омад va зафарлар тилаб қоламиз!

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu