Сайт тест режимида ишламоқда

“ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЎЗБЕК ТИЛИ ЎҚИТУВЧИСИ” ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

11 ноябрь 2021 йил
image

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни пойтахтимиздаги 110-сонли умумтаълим мактабида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази ҳамкорлигида ўзбек тили фани ўқитувчилари орасидан маҳоратли ва ташаббускор, ўз устида ишлайдиган фаол ўқитувчиларни аниқлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўқитилиши бўйича замонавий ёндашувларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишланмалар кўламини кенгайтириш мақсадида республика миқёсида умумий ўрта таълим муассасаларининг “она тили” ва “ўзбек тили” фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танлови ўтказилди.

20 июлдан бошланган танлов жараёнларида 24 670 нафар ўқитувчи рўйхатдан ўтди.

photo2021-11-1115-52-08.jpg

Танловнинг якуний натижаларига кўра Она тили фанидан:

1-ўринни Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани 46-сонли умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Хусниддин Турғунбоев;

2-ўринни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри 19-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Хакимова;

3-ўринни Навоий вилояти Навоий шаҳри 11-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Комила Ражабова эгаллади.

Ўзбек тили фанидан:

1-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри 44-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўзбек тили ўқитувчиси Меҳриё Тулешова;

2-ўринни Наманган вилояти Учқўрғон тумани 39-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўзбек тили ўқитувчиси Севара Абдуллаева;

3-ўринни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани 91-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўзбек тили ўқитувчиси Ойбек Боятов эгаллади.

Танловнинг республика босқичида ҳар иккала фан йўналишида ғолибларнинг ҳар бири қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланди:

1-ўрин учун — 30 млн. сўмдан, 

2-ўрин учун — 20 млн. сўмдан, 

3-ўрин учун — 10 млн. сўмдан пул мукофотлари ҳамда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

photo2021-11-1115-53-12.jpg

Шунингдек, ўқитувчиларга яқиндан методик ёрдам кўрсатган фан методистлари ҳам “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu