Сайт тест режимида ишламоқда

ОТА-ОНАЛАР ЭЪТИБОРСИЗЛИГИ САБАБЛИ «ДАВОМАТ» РЕЙДЛАРИ ДАВОМИДА ДАРСЛАРНИ САБАБСИЗ ҚОЛДИРГАН 2 832 НАФАР ЎҚУВЧИ АНИҚЛАНДИ

14 октябрь 2021 йил
image

Жорий йилнинг 8-9 октябрь кунлари ўқувчи-ёшларнинг назоратсиз қолиши ва содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, дарс жараёнида ўқишга бормасдан бемақсад юрган, вояга етмаганларни аниқлаш, уларни ўқишга қайтариш ва давоматни яхшилаш мақсадида мактабларда таълим-тарбия олаётган вояга етмаган ўқувчилар ўртасида «Тиғ» ва «Давомат» тадбирлари ўтказилди.

Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган рейд давомида дарсларни сабабсиз қолдирган 2 832 нафар ўқувчи аниқланди. Шулардан, 439 нафари дарс вақтида интернет-кафеда, 68 нафари тунги интернет клубда, 338 нафари бозорларда савдо-сотиқ ва аравакашлик, 39 нафари дайдилик, 15 нафари эса жамоат транспортида чиптачилик фаолияти билан шуғулланиб юрганлиги аниқланиб, таълимга жалб этилди.

Шу билан бирга ота-оналар назорати ва қаровисиз қолган 1542 нафар қаровсиз қолган ўқувчи аниқланиб, улар таълим олиши учун махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилди. Рейд натижасида сабабсиз дарсларда қатнашмаётган, назоратсиз қолганлиги аниқланган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларининг йиғилишларига жалб этилиб мазкур ҳолатлар муҳокама қилинди.

Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги барча ота-оналардан фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашишларини, фарзандлари уйдан чиқаётганда унинг портфелида ва ёнида ўткир тиғли жисмлар мавжуд эмаслигини кўздан кечиришни, мактабга ўз вақтида бораётганини назоратга олишларини сўраб қолади. Зеро, болаларнинг бугуни бизнинг келажагимиз, уларнинг тарбиясига доимий эътибор эса ота-оналарнинг қонуний бурч ва мажбуриятлари эканлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu