Сайт тест режимида ишламоқда

БАХТИЁР САИДОВ: “БАРКАМОЛ АВЛОД” БОЛАЛАР МАКТАБЛАРИ БОРЛИГИНИ ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ КЕРАК”

22 январь 2022 йил
image

Жорий йилнинг 21 январь куни Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Тадбирда мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш масалалари муҳокама этилди.

«Баркамол авлод» болалар мактабларини афсуски бугун ҳар бир оила билади деб айта олмаймиз. Лекин фаолиятни шундай йўлга қўйиш керакки, ҳар бир ота-она бу мактаб ҳақида хабардор бўлиши керак. Фарзандларини мактабдан кейинги ҳаётини айнан шу ташкилотга ишониб топшириши керак. “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил этилаётганда уларнинг олдига мактабдан ташқари таълим самарадорлигини ошириш, ўқувчиларда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга йўналтириш каби эзгу мақсадлар қўйилган. Бунинг учун эса биздан “Баркамол авлод” мактаблари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, фаолиятини такомиллаштириш талаб этилади. Бунинг учун эса фаолиятимизни мутлақо қайтадан кўриб чиқиб, ўз устимизда ишлашимиз лозим”, — дея таъкидлади Бахтиёр Саидов.

Учрашувда «Баркамол авлод» мактабларини юқори малакали мутахассислар, тўгарак раҳбарлари, услубчилар билан таъминлаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, ўз ишини пухта эгаллаган профессионал касб эгаларини жалб этиш орқали, улар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш вазифа этиб топширилди. Шунингдек «Баркамол авлод» мактаблари ва бошқа халқ таълими тизимидаги ташкилотларнинг бўш вакант лавозимларига мактабларда қисқартирилган ёшлар етакчиларини жалб этиш тавсия этилди.

Айни пайтда халқ таълими тизимида 217 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият кўрсатади. Улардаги мавжуд 7527 та тўгаракларга 216764 нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинган. «Баркамол авлод» республика болалар мактабида маданият ва санъат, техника, конструкторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати, туризм ва экология, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов, хорижий тиллар йўналишлар кесимида тўгараклар фаолият олиб бормоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu