Сайт тест режимида ишламоқда

Менежерлик ўқув курсларининг дастлабки машғулотларига старт берилди

1 февраль 2024 йил
image

Аввал хабар қилинганидек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилдан бошлаб умумтаълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

Бугун мазкур ўқув жараёнлари ва дарс машғулотларини бошлашга доир тадбир бўлиб ўтди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори Абдували Исмаилов, вазирлик мутасаддилари, ўқув жараёнларига жалб этилган номзодлар ва тренерлар иштирок этди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан вазир Ҳилола Умарова ушбу ўқув дастурларининг аҳамияти, унинг соҳа ривожи ҳамда мактаблар фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга мактаб директорлигига номзод тингловчиларга таълим муассасаларида ижобий муҳитни шаклллантириш, ота-оналар ва бошқа жамоатчилик вакиллари билан ишлаш, таълим жараёнларини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ўз тавсияларини улашди.

Маълумот учун айтиб ўтиш лозимки, мазкур ўқув курсларининг дастлабки босқичи тажриба-синов тариқасида 2023-йилнинг 5-27-июн кунлари Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида ўтказилди ҳамда белгиланган ўқув дастурларини муваффақиятли тугатган 50 нафар битирувчиларга менежерлик сертификати берилди.

Жорий йилнинг 17-19-январ кунлари менежерлик ўқув курсларида дарс машғулотларини олиб борадиган тренерлар учун семинар тренинглар ҳам ташкил этилди.

2024-йил 1-февралдан пойтахтимизда жойлашган Toshkent xalqaro universiteti ўқув binosiда умумтаълим муассасалари директори лавозимига номзодларни тайёрлайдиган менежерлик ўқув курсларига старт берилди.

Мазкур курслар давомида номзодлар таълим менежменти, таълим муассасасини ривожлантириш ва ўқув-тарбия жараёнини бошқариш, ўзини-ўзи ва ўқитувчиларни касбий ривожлантириш, инсон ресурсларини бошқариш, иш юритиш ва ҳисобот, жамоатчилик ва ота-оналар билан ўзаро муносабат/ҳамкорлик модуллари асосида ўқитилади.

Ўқув курслари ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда бир ой (жами 144 соатдан иборат) давом этади. Дарслар олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот муассасалари, шунингдек, хусусий ва хорижий олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu