Сайт тест режимида ишламоқда

“Мактаб ўқитувчиларининг малака оширишга бўлган эҳтиёжларини диагностикадан ўтказиш жараёнлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

1 декабрь 2023 йил
image

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Мактаб ўқитувчиларининг малака оширишга бўлган эҳтиёжларини диагностикадан ўтказиш жараёнлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вазирлик тизимидаги Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази масъул ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги ПҚ-4963-сон қарорида ўқитувчилар малакасини табақалаштирилган ҳолда ошириш тизимини жорий этишга доир берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2024 йил январ ойидан бошлаб мактаб ўқитувчиларининг малакасини табақалаштирилган ҳолда ошириш тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизимни амалга оширишни сифатли ташкил этиш ва муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилнинг 4-15 декабрь кунлари мактабларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳоловчи тестлар воситасида диагностикадан ўтказилмоқда.

Вазирлик тизимидаги Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур жараёнларда республикадаги барча умумтаълим мактаблари қамраб олинади.

Дастлаб жорий йилнинг 1 декабрига қадар мактаб ўқитувчилари “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказилди. Ўқитувчиларнинг диагностика тестини топширишлари бўйича видеойўриқнома тайёрланиб, барча умумтаълим мактабларига етказилди ҳамда мактаб ўқитувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳоловчи тестлар базаси шакллантирилди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 4 декабридан 15 декабрига қадар  “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали мактаб ўқитувчилари диагностикадан ўтказилади.

Диагностика жараёни тест синови шаклида “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформа орқали ташкил этилади.  Тестлар тегишли фан ва уни ўқитиш методикасига доир саволлардан шакллантирилади. Мактаб ўқитувчилари диагностика тестларини ўзлари дарс берадиган асосий фан бўйича топширадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан ўқитувчиларнинг диагностика жараёнларида ўз иш жойидан онлайн иштироки этиши таъминланади.

Тест синови жараёнида узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаган мактаб ўқитувчилари вазирлик рухсати билан алоҳида график асосида диагностикадан ўтказилади.

Маълумот  учун: диагностика натижаларининг таҳлили асосида ўқитувчилар касбий эҳтиёжларига кўра тегишли гуруҳларга ажратилади ва 2024 йилда мактаб ўқитувчилари ва раҳбарларининг малакасини ошириш режаси тасдиқланади ҳамда касбий ривожлантиришнинг табақалашган ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқилади.

Матбуот анжуманида жорий ўқув йилидан тажриба синов тариқасида умумтаълим мактабларида жорий этилаётган билимни баҳолашнинг янги тартиби бўйича ҳам атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Унга кўра, 2023-2024 ўқув йилида республика миқёсида 500 та умумтаълим мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартиби — ўқувчилар билимини форматив ва сумматив баҳолаш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги 34 та, Андижон вилоятидаги 32 та, Бухоро вилоятидаги 28 та, Фарғона вилоятидаги 36 та, Жиззах вилоятидаги 25 та, Наманган вилоятидаги 28 та, Навоий вилоятидаги 20 та, Қашқадарё вилоятидаги 33 та, Самарқанд вилоятидаги 68 та, Сирдарё вилоятидаги 22 та, Сурхондарё вилоятидаги 30 та, Тошкент шаҳридаги 87 та, Тошкент вилоятидаги 28 та, Хоразм вилоятидаги 29 та умумтаълим мактабларида форматив ва сумматив баҳолаш тизими тажриба-синов тариқасида ўтказилмоқда.

Мазкур умумтаълим мактабларида 5-11-синф ўқувчилари ўртасида 2023-2024-ўқув йилининг I чорак якуни бўйича чораклик сумматив баҳолаш (ЧСБ) жараёнлари бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар она тили, математика, биология, кимё фанларидан ЧСБ синовларини топширишди.

Тадбир сўнггида журналистлар томонидан мавзуга оид саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu