Сайт тест режимида ишламоқда

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида вазирлик олдига қўйилган муҳим вазифалар ижроси ҳамда соҳага доир бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди

23 ноябрь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда вазир Ҳилола Умарова, вазир ўринбосарлари, вазирлик тизимидаги Мактабгача таълим, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентликлари раҳбарлари, вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида вазирликка юклатилган вазифаларнинг ижро ҳолати, мактабгача ёшдаги болаларни таълим ташкилотларига қамроб олиш даражаси ҳамда кун тартибидаги бошқа муҳим масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Унда Мактабгача таълим агентлиги директори Агреппина Шин, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Алишер Уббиев, вазир ўринбосарлари ҳам вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Қайд этилганидек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда мақсадли кўрсаткичларга тўлиқ эришишишни таъминлаш учун вазирликнинг 2023 йил 15 сентябрдаги тегишли буйруғи асосида амалий дастурлар режаси тасдиқланган.

Хусусан, жорий йил якунига қадар:

мактабгача ёшдаги болаларни таълим билан 74 фоизга ва тайёрлов гуруҳлари билан 93 фоизга қамраб олиш;

давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари сонини 26 мингтага етказиш;

давлат мактабгача таълим ташкилотларида автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш;

халқаро молия ташкилотлари билан қўшма молиялаштириш лойиҳасини амалга ошириш;

жорий ўқув йилида танланиб олинган мактабларда янги баҳолаш тизимини, битирувчиларни танлов фанлар асосида ўқитишни, иккинчи хорижий тил ва касбни ўргатишни самарали йўлга қўйиш ва бошқа қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.

Мазкур топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида вазир ўринбосарлари, вазирлик ходимлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарларига зарур топшириқлар берилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 13 ноябрь ҳолати бўйича Республика бўйича 6 542 та давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 6 292 таси (96,2 фоизи) янги ўқув йилига гуруҳларни шакллантириш ва болаларни қабул қилиш учун тайёр ҳолга келтирилганлиги, аммо янги ўқув йили бошланганлигига учинчи ой бўлишига қарамасдан 250 та мактабгача таълим ташкилотлари (3,8 фоизи) ҳанузгача тайёр ҳолатга келтирилмаганлиги танқид қилинди.

Бу борада Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳлар тўлиқ шакллантирилмаган.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган қатор туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари бошлиқларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланиши қайд этилди.

Йиғилишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам танқидий таҳлил этилди. Хусусан, йил бошидан бери мурожаатлар ижроси муддати энг кўп бузилиш ҳолатларига йўл қўяётган Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар раҳбарларига мазкур камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш сўнгида вазир ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда масъул ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu