Сайт тест режимида ишламоқда

Буюк Британияга таълим саёҳатига жўнаб кетаётган ўқувчилар билан учрашув бўлиб ўтди

21 ноябрь 2023 йил
image

“Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги мактаблар ўқувчилари ҳам хорижий тиллар бўйича ўтказилаётган танловларда яхши натижалар кўрсатиб келмоқда. Бундай ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, уларни рағбатлантириб борсак, албатта, арзийди.

Хорижий тиллар бўйича ўтказилган Республика танловида юқори натижаларга эришган ана шундай 70 нафар ўқувчи ҳамда уларнинг 14 нафар устозларини бу йил давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Буюк Британияга таълим саёҳатига юборамиз. Бу ташаббусни ҳар йили давом эттирамиз.”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 30 июнда

юртимизнинг бир гуруҳ ёшлари билан учрашувидаги нутқидан

*****

Бугун Тошкент шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Вазирлар Маҳкамасининг  2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарори асосида жорий йилда Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танлови Республика босқичи ғолиблари билан учрашув ташкил этилди

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова жорий йилда мазкур танловнинг Республика босқичида иштирок этган умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва ўқитувчилари билан мулоқот ўтказди.

Учрашувда таъкидланганидек, танловнинг туман (шаҳар) босқичида Республика бўйича 34 375 нафар ўқувчи (6 885 та мактаб) иштирок этган бўлиб, уларнинг 32 505 нафари инглиз тилидан, 1 015 нафари немис, 905 нафари француз тили йўналишларига тегишли.

Танловнинг биринчи босқичи якунига кўра, Республика бўйича 208 та туман ва шаҳар мактаблари танловнинг иккинчи (вилоят) босқичига тавсия этилди. Улар орасида 207 та мактаб инглиз тили ва 1 та мактаб француз тилидан иштирок этди.

Беллашувлардаги хорижий тилни билиш даражасини аниқлашга қаратилган топшириқлар умумтаълим мактабларининг 7-9 синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, саволларнинг қийинлик даражаси осондан қийинга томон таълим томойилларига асосланди. Тест топшириқлари иштирокчиларнинг мулоқот кўникмаларини босқичма-босқич ривожлантиришга хизмат қилди.

Танловнинг 2023 йил 14-18 август кунлари ўтказилган Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳридан 1 тадан мактаб, жами 14 та мактаб ва 70 нафар ўқувчи иштирок этди.

Ушбу босқичда Буюк Британиянинг “Cambridge Assessment English” ташкилотига тегишли бўлган “Linguaskill” халқаро тести воситасида иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking) ва ўқиш (reading) кўникмалари синовдан ўтказилди.

Республика босқичида иштирок этган 70 нафар ўқувчи ва 14 нафар ўқитувчи жорий йилнинг 21-28-ноябрь кунлари Буюк Британияга таълим саёҳатига жўнаб кетишади. Мазкур саёҳатлар давомида ўқувчилар Англия таълим жараёнлари, жумладан, “Ардмор” тил ўқитиш мактаби, Кембриж, Оксфорд университетлари фаолияти билан яқиндан танишади, Кембриж, Лондон, Винзор, Оксфорд шаҳарлари, Темза дарёси бўйлаб саёҳат қилишади.

Инглиз тенгдошлари билан ўтказиладиган турли учрашувлар, Буюк Британия маданияти ва тарихи билан боғлиқ тадбирларда иштирок этади.

Самимий руҳда кечган мулоқот сўнггида саёҳатга жўнаб кетаётган ўқувчиларга оқ йўл тиланди.

Маълумот учун: “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Республика босқичи якуний натижаларига кўра:

Наманган вилояти, Наманган шаҳридаги 7-мактаб жамоаси 1-ўринни;

Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 145-мактаб жамоаси 2-ўринни;

Бухоро вилояти, Бухоро туманидаги 1-мактаб жамоаси 3-ўринни эгаллашган.

Танлов Республика босқичи ғолиблари:

1-ўрин – 500 миллион сўм;

2-ўрин – 400 миллион сўм;

3-ўрин – 300 миллион сўм билан тақдирланган.

Танловнинг “The Best Listener” йўналишида Эсфир Никонорова (Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар 5-мактаб), “The Best Reader” йўналишида Самира Нажмиддинова (Бухоро вилояти, Бухоро туман 1-ИДУМ), “The Best Writer” йўналишида Шаҳриёр Сулаймонов (Бухоро вилояти, Бухоро туман 1-ИДУМ), “The Best Speaker” йўналишида Aминахон Курбонова (Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани 10-мактаб) ҳамда “The Best of The Best” наминациясида Моҳинур Рахимова (Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани 145-мактаб) ва Ясмина Муҳиддинова (Бухоро вилояти, Бухоро туман 1-ИДУМ) лар эгаллашди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu