Сайт тест режимида ишламоқда

"Мен ҳам ўлиб қоламанми, устоз?”

20 ноябрь 2023 йил
image

Ўқувчиларнинг мана шундай оғриқли саволларига жавоб топиб келаётган устозлар Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунология марказининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Меҳрли мактаб”ида фаолият олиб боради. 

Гематология ва онкология касаллиги билан даволанаётган болалар учун таълим жараёнини ташкил этишга йўналтирилган «Меҳрли мактаб»да бугунги кунда мактаб ёшидаги 50 нафар ҳамда мактабгача таълимга қамраб олинган 82 нафар бола таълим-тарбия олмоқда.

Бу ерда фаолият юритадиган педагоглар нафақат ўз фанлари бўйича билимга эга бўлиши балки бунга қўшимча равишда юксак инсонийлик жиҳатларни ҳам бирлаштирган бўлиши лозим. Улардан нафақат билим бериш, балки мослашувчан бўлиш, дастурни боланинг аҳволига, унинг қизиқишига, у бошдан кечираётган касалликнинг оғирлигига, қабул қилаётган муолажа натижасида пайдо бўлиши мумкин бўлган  нуқсонларга, бундан ташқари ўқувчиларнинг ҳиссий ҳолатига мослашувчан бўлиши керак.

Бу ердаги муҳит оддий мактабдаги каби эмас. Албатта, муайян ҳолатларга стандарт ечимлар мавжуд, аммо бу фақатгина йўналишлар холос. Аслида бу ердаги педагоглар ҳар бир бола учун индивидуал ёндашади. 

Бугун “Меҳрли мактаб”да 30 нафар педагог фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда мактабнинг Андижон, Фарғона вилоятлари ҳамда Нукус шаҳрида филиаллари ҳам ташкил этилган.

Бу ерда фаолият юритаётган педагог ходимлардан алоҳида матонат талаб қилинади ва бу миссияни бизнинг ўқитувчилар шараф билан адо этмоқда. Госпиталь таълимнинг ўзига хосликлари ҳақида “Меҳрли мактаб”нинг фидойи, жонкуяр ва меҳрибон устози Дилдора Турсунова сўзлаб берди:

“Ишга илк келган даврларимда бу хасталикка чалинган болалар ҳақида кўп маълумотга эга бўлмаганман. Кейинчалик бу дард ҳақда кўп маълумотлар топиб ўргандик. Тушкунликка тушган болаларни ҳолатдан чиқариб олиш йўлларини излашга ҳаракат қиламиз. 

Биринчи навбатда, бу ерга даво истаб келган ота-оналар билан ишлаймиз, болаларни мактаб ва боғчаларга жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Сабаби, кун бўйи дард билан курашаётган бола бу ерга келса дардини унутади. 

Дарсга қатнашиш кўнглига сиғмайдиган ота-оналар ва болалар ҳам бор. Уларга "Бир марта дарсда қатнашиб кўргин" деб мотивация берамиз. Ота-оналар билан қилинган суҳбатлардан сўнг кайфиятсиз юрган, ҳеч ким билан гаплашишни истамай тушкунликка тушиб қолган ота-оналар ҳам кулиб гаплашишни бошлашади. Кўнгли кўтарилади. Қалбида умид уйғонади, касалини унутади. Бу эса табиийки, болаларнинг соғайишига ижобий таъсир ўтказади.

2016 йилдан бери таълим соҳасида ишлайман. Биринчи иш жойим “Меҳрибонлик уйи бўлган, бугун эса “Меҳрли мактаб”да фаолият олиб боряпман. Лекин ҳамма жойнинг ўз тош-тарозиси бор. Ҳар бир ўқувчимни ўз фарзандимдай яхши кўраман, уларнинг дард чекаётганига қараб ичимдан нима ўтмасин уларга буни сездирмаслик бу бизнинг асосий миссиямиз, деб ҳисоблайман.  

Кимёвий муолажалар болаларнинг хотирасига, дарсни ўзлаштиришига таъсир қилади. Ўргатганларимиз эртаси кун эсидан чиқиб қолиши мумкин. Такрорлаш орқали мустаҳкамлаб борамиз. 

Бир кун бир ўқувчимизнинг палатадош дўсти вафот этди. Эртаси куни ўқувчим келиб “Устоз, мен ҳам бир кун ўламанми?” деб сўраганида жудаям қийин аҳволга тушдим. Бундай ҳолатлар инсон сифатида сизни қанчалик ларзага солмасин, ўзингизни кучли кўрсатиб, тушкунликка тушганингизни сездиришга ҲАҚҚИНГИЗ йўқ. Ўқувчимга шифокорлар айтган барча муолажаларни ўз вақтида олиб, яхши овқатланса, албатта, даво топишини айтиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзимизни хурсанд қилиб кўрсатишга ҳаракат қиламан. Агар ҳиссиётларимизни болаларга кўрсатиб қўйсак, уларда тушкунлик ҳолати пайдо бўлади.

Турмуш ўртоғим ҳам педагог-психолог, доимий мени қўллаб-қувватлайди, турли вазиятларда қандай йўл тутиш борасида ўз маслаҳатларини беради. Ўз касбимни жуда севаман. Ҳар кун ишга гўё ўз оиламга, фарзандларим олдига шошгандай келаман. Раҳбаримиз бизни ҳар қандай ҳолатда қўллаб-қувватлашлари, дарсга киритаётган янгиликларимизни эътироф этган ҳолда кутиб олишлари  ишлашга бўлган иштиёқимизни янада оширади.”

Дилдора Турсунова госпиталь - педагогик таълим методологиясини яратиш ва ушбу йўналишда докторлик диссертациясини ёқлашни мақсад қилиб қўйган. У ушбу соҳадаги билимларни ошириш, тажрибаларни оммалаштириш жуда муҳим, деб ҳисоблайди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu