Сайт тест режимида ишламоқда

9-синф ўқувчиси одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди

17 ноябрь 2023 йил
image

3 йилдан бери “Баркамол авлод” болалар мактабининг робототехника тўгарагига қатнайдиган Озодбек Ҳошимов одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди.

Озодбек Ҳошимов Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабининг “Робототехника” тўгараги аъзоси. У Зангиота туманидаги 6-мактабнинг 9-синф ўқувчиси.

Озодбек газ, олов ва тутун юзага келганда хавф ҳақида тегишли хизматларга огоҳлантириш СМС хабарномасини юборувчи қурилма ихтиро қилди.

Бундай ғоя қандай юзага келди деган саволга Озодбек қуйидагича жавоб берди:

“Қиш мавсуми эди. Одамлар ис газидан вафот этди деган машъум хабарларни ОАВ орқали ўқиб, эшитганимда, бунинг олдини олиш керак деган ўй келди ва бунинг ортидан мана шу ихтирони яратиш ғояси туғилди. Агар ушбу ихтиро тегишли хизматлар билан интеграция қилинса, албатта бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига ишонаман”

Қурилма ёнғин хавфи юзага келганда, уй эгаларини огоҳлантириш билан бирга ўт ўчирувчиларга хавф юзага келган жойдан геолокация юбориб, СМС хабарнома ташлайди. Айни дамда Озодбекнинг ихтиросини патентлаш жараёни кечмоқда.

Озодбекка ушбу ихтирони яратишда тўгарак раҳбари Камолиддин Абдуқаҳҳоров бошчилик қилган. 22 ёшда бўлган устоз 2019 йилдан буён Шайхонтоҳур туман “Баркамол авлод” болалар мактабида тўгаракка раҳбарлик қилади.

У раҳбарлик қилаётган тўгарак аъзолари Республика ҳамда Халқаро миқёсда бўлиб ўтган кўплаб танловлар ғолиби бўлган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu