Сайт тест режимида ишламоқда

ТОШКЕНТДА ТАЪЛИМДАГИ ХАЛҚАРО ТАДҚИҚОТЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

11 апрель 2022 йил
image

Жорий йилнинг 11 апрел куни пойтахтимиздаги “Ҳилтон Ташкент Cитй” меҳмонхонасида “Таълимдаги халқаро тадқиқотларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти(ИҲТТ), Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган конференсияда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, ПИСА тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхер ҳам бош маърузачи сифатида иштирок этди.

Конференсия кун тартибидан Таълим тизимини такомиллаштиришда миллий ва халқаро баҳолаш дастурларининг, хусусан ПИСА–2022 баҳолаш дастурининг аҳамияти ва кутилаётган натижалар, Инсон капиталини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро тадқиқотларда иштирок этиш ҳолати ҳамда истиқболдаги режалар, Ўзбекистоннинг халқаро тадқиқотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлашнинг истиқболлари ва шу билан боғлиқ қатор масалалар муҳокамаси ўрин олди.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов анжуманда нутқ сўзлар экан халқаро тадқиқотларнинг Ўзбекистон таълим тизимида тутган ўрни, у орқали 15-16 ёшли ўқувчиларнинг танқидий ва ижодий фикрлаш, математик, табиий-илмий, ўқиш саводхонлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида сўзлади.

 

Айтиш жоизки, жорий йилнинг апрел-май ойларида халқаро ташкилот томонидан танлаб олинган, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 202 та мактабда ушбу тадқиқотлар компютер ёрдамида ўтказилади.

ПИСА тадқиқотлари ҳар бир мамлакатга ўзининг кучли ва заиф томонларини дунё таълим тизими билан қиёслаш имконини беради. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этади, яъни инвесторлар мамлакатда билимли, малакали кадрлар борми, деган саволга бу тадқиқот натижалари орқали жавоб топади.

Ушбу тадқиқотлар орқали мамлакатимиздаги таълим тизими, таълим муҳити, таълимни ташкил этилиши, танқидий ва ижодий фикрлашлари, эгаллаган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятлари, ота-оналарнинг фарзандларини таълим олишларига эътиборлари ва уйда яратилган шароитлари бўйича атрофлича илмий асосланган ва ишончли маълумотлар олишга эришиш кўзланган.

Бугунги кунга қадар халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича 14 та ҳудудда 348 та таянч мактаблар белгиланиб, бошқа 9691 та мактаблар ушбу таянч мактабларига бириктирилди.

 

2021 йилда республиканинг 83 та мактабларида ПИСА тадқиқотининг тажриба-синовлари ўтказилди, эндиликда танлаб олинган 202 та таълим муассасаларида 2022 йилда апрел-май ойларида асосий синов жараёнларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu