Сайт тест режимида ишламоқда

6479 та мактаб ва 4031 та мактабгача таълим ташкилотларининг иссиқлик таъминоти хусусий секторлар иштирокида модернизация қилинади

13 апрель 2023 йил
image

Юртимиздаги ижтимоий соҳа объектлари инфратузилмасини ҳар томонлама модернизация қилиш, хусусан, иситиш тизимини янада яхшилаш мақсадида айни вақтда давлатимиз томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда. Бу борада таълим муассасалари – мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларга катта устуворлик берилмоқда.

Жорий йилнинг 10 апрель куни Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарорда бу борада келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар батафсил белгилаб берилган.

 

Эътиборлиси, қарорга мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикасидаги 758 мактаб, 447 мактабгача таълим ташкилотлари;

Андижон вилоятидаги 774 мактаб, 533 мактабгача таълим ташкилотлари;

Қашқадарё вилоятидаги 1 194 мактаб, 417 мактабгача таълим ташкилотлари;

Наманган вилоятидаги 716 мактаб, 603 мактабгача таълим ташкилотлари;

Фарғона вилоятидаги 1016 мактаб, 909 мактабгача таълим ташкилотлари;

Бухоро вилоятидаги 228 мактаб, 172 мактабгача таълим ташкилотлари;

Жиззах вилоятидаги 191 мактаб, 70 мактабгача таълим ташкилотлари;

Навоий вилоятидаги 104 мактаб, 51 мактабгача таълим ташкилотлари;

Самарқанд вилоятидаги 442 мактаб, 273 мактабгача таълим ташкилотлари;

Сурхондарё вилоятидаги 296 мактаб, 145 мактабгача таълим ташкилотлари;

Сирдарё вилоятидаги 308 мактаб, 198 мактабгача таълим ташкилотлари;

Тошкент вилоятидаги 318 мактаб, 144 мактабгача таълим ташкилотлари;

Хоразм вилоятидаги 114 мактаб, 69 мактабгача таълим ташкилотлари;

Тошкент шаҳридаги 20 мактаб бинолари, умумий ҳисобда 6479 та мактаб ва 4031 та мактабгача таълим ташкилотларининг иссиқлик таъминоти тизимлари хусусий секторлар иштирокида модернизация қилинади.

Бунда мазкур таълим масканларига юртимизда камида бир йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган иситиш қозонлари ўрнатилади. Бунинг натижасида иситиш учун меъёр бўйича талаб этиладиган кўмир ва электр энергияси харажатларини камида 20 фоизга ва иссиқлик энергияси йўқотишларини 30 фоизга камайишига эришилади.

 

Айтиб ўтиш лозимки, ўтган вақт давомида Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги 69 та ижтимоий соҳа объектларида мазкур жараёнлар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилди.

Юқорида келтириб ўтилган таълим муассасалари 2023 — 2026 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёқилғисига ўтказилади ва бу орқали куз-қиш мавсумида мактаб ва боғчаларимизни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлашдаги муаммолар бутунлай бартараф этилади.

Мазкур жараёнларнинг биринчи босқичи Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги таълим масканларида олиб борилади. Шунингдек, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг барча туман (шаҳар)лари ҳамда бошқа ҳудудлардаги белгиланган туман (шаҳар)ларда давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ишлари бошланади.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида куз-қиш мавсумида таълим масканларимизнинг иссиқлик ҳарорати доимий назоратга олинади ва мўътадиллиги таъминланади.

Хусусий секторлар томонидан ўрнатиладиган иситиш қозонларининг доимий ишлаши ва сифатини назорат қилиш мақсадида тегишли давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари доимий иш олиб боради.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu