Сайт тест режимида ишламоқда

Халқаро информатика олимпиадасида қатнашадиган терма жамоа аъзоларини тайёрлаш жараёнига илк бор халқаро тренер жалб этилди

7 апрель 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Информатика бўйича олимпиада жамоасини тайёрлаш бўйича махсус ўқувлар бошланди.

Информатика ва ахборот технологиялари бўйича халқаро олимпиадага тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш, терма жамоанинг нуфузли мусобақадаги натижадорлигини яхшилаш мақсадида халқаро информатика олимпиадаси олтин медали соҳиби, Полша ёшлар информатика олимпиадаси бош координатори Бартосз Костка юртимизга таклиф қилинди.

Бугун пойтахтимиздаги IT Park биносида халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи ўқувчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги масъул ходимлари ҳамда полшалик мутахассис Бартосз Костка иштирок этди.

Бартосз Костка жорий йил Венгрияда ўтказиладиган олимпиада мусобақаларига юртимиз терма жамоа аъзоларини пухта тайёрлаш билан бирга, уларнинг имтиҳон жараёнларида зарур бўладиган руҳий кўникмаларини мустаҳкамлашда ёрдам беради.

35-Халқаро информатика олимпиадаси 2023 йил 28 августдан 4 сентябрь кунига қадар Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтади, унда 4 нафар ўзбекистонлик ёшлардан иборат терма жамоамиз вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.

Икки вазирлик ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур жараёнда 10 кун давомида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган интеллектуал оромгоҳ мажмуасида 12 нафар ўқувчи олимпиадада иштирок этиш учун халқаро даражадаги тренер томонидан тайёрланади. Тайёргарлик натижаларига кўра 4 нафар ўқивчи саралаб олинади.

Учрашувдан сўнг ўқивчилар интеллектуал оромгоҳга халқаро ва маҳаллий тренерлар билан биргаликда жўнаб кетдилар.

 

Терма жамоага номзодлар рўйхати:

1. Дилшодбек Хўжаев — Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси;

2. Дилёрбек Валижонов — Андижон шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси;

3. Асилбек Суннатов — Ал-Хоразмий мактабининг 9-синф ўқувчиси

4. Отабек Журабеков — "Профи Счоол" хусусий мактабининг 11-синф ўқувчиси;

5. Ҳусанбой Мансуралиев — Наманган шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси;

6. Муҳаммадаюбхон Эркинов — Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси;

7. Шоҳруҳ Раҳматиллаев — ТАТУ академик лицейининг 10-синф ўқувчиси;

8. Иззат Сотимқулов — Тошкент Халқаро Вестминстер Университети академик лицейининг 11-синф ўқувчиси;

9. Мурат Янгабаев — Тўрткўл туманидаги 13-мактабнинг 11-синф ўқувчиси;

10. Артём Иванов — Тошкент шаҳридаги 94-мактабнинг 11-синф ўқувчиси;

11. Яхёбек Абдуназаров — Ал-Хоразмий мактабининг 9-синф ўқувчиси;

12. Мардон Ҳазратов — Навоий шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu