Сайт тест режимида ишламоқда

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурида мактаб ва мактабгача таълимга оид қандай вазифалар белгиланди?

1 март 2023 йил
image

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Унга кўра таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида жорий йилда тизим фаолиятга доир қатор янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда.

Жумладан:

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб — ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

босқичма-босқич умумтаълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари амалиётга киритилади.

Бунда умумтаълим муассасаларининг 1-4-синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;

5-9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;

10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Бунда овқат турлари ўқувчиларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатига кўра меъёрланган ҳолда етказиб берилиши ҳамда санитария талабларига жавоб бериши таъминланади.

Шунингдек, Фармонда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш борасида жорий йилда амалга оширилиши белгиланган жараёнлар ҳам келтириб ўтилган.

Жумладан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu