Сайт тест режимида ишламоқда

Халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодлар билан кучайтирилган ўқув машғулотлари ўтказилмоқда

28 февраль 2023 йил
image

Бугун, 28 февраль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодлар билан ўтказилаётган кучайтирилган ўқув машғулотлари жараёнларига бағишланган пресс-тур тадбири ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадалардаги иштирокини юқори даражада ташкил этиш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодлар билан кучайтирилган ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Айни вақтда пойтахтимизда жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда биология ва кимё фанлари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида информатика ва ахборот технологиялари фанлари, Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида математика ва физика фанлари бўйича ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18-19 феврал кунлари Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида математика, физика, биология, кимё фанларидан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда информатика ва ахборот технологиялари фанидан нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзодларни саралашнинг II босқичи ўтказилди.

Бунда физика, математика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан саралаш олимпиадасининг I босқичида юқори ўринларни эгаллаган ҳамда 2022-2023 ўқув йилида бўлиб ўтган минтақавий халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар иштирок этди. Жумладан:

математика фани бўйича — 28 нафар;

информатика ва ахборот тeхнологиялари, физика, кимё ва физика фанлари бўйича жами 100 нафаР, умумий ҳисобда 128 нафар иштирокчи қатнашди. Умумий натижаларга кўра, физика, математика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича 71 нафар ўқувчи танлаб олинди.

Саралаш олимпиадасининг якуний — III босқичи жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу саралаш натижаларига кўра, якуний 23 нафар ўқувчи танлаб олинади ҳамда ушбу юртдошларимиз жорий йилда ўтказиладиган қатор нуфузли халқаро олимпиадаларда қатнашиши белгиланган.

Хусусан, 2023 йилнинг:

3-12 июль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказиладиган халқаро биология олимпиадаси;

16-25 июль кунлари Швецария давлатида ўтказиладиган халқаро кимё олимпиадаси;

2-13 июль кунлари Япониянинг Чибо шаҳрида ўтказиладиган халқаро математика олимпиадаси;

28 август – 4 сентябрь кунлари Венгрия давлатида ўтказиладиган халқаро информатика олимпиадаси;

июль ойида Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган халқаро физика олимпиадасида ушбу ўқувчилар юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Ҳозирда халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига номзод ўқувчиларга олий таълим ўқитувчилари ҳамда ўтган вақт давомида халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган мутахассислар ўз йўналишлари бўйича билим беришмоқда.

Бу ерда ўқувчиларнинг мукаммал таҳсил олишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, қулай ётоқхона ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган.

Пресс-тур тадбирлари давомида иштирокчилар томонидан мавзуга доир берилган турли саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича маълумот бериб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu