Сайт тест режимида ишламоқда

Мактаб таълимига оид муҳим чоралар амалга оширилиши белгиланмоқда — Давлат дастури Фармони лойиҳаси эълон қилинди

7 февраль 2023 йил
image

Ўзбекистон Респбуликаси Президентининг 2022−2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унда таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида жорий йилда қатор муҳим чоралар амалга оширилиши кўзда тутилган.

 

Танлаб олинган мактабларда иккинчи хорижий тил ўқитилади


1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)да танлаб олинган биттадан мактабда ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Бунинг натижасида 76 та мактабда француз, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади.


Мактаб ўқувчилари 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. 


10–11-синфларда такомиллаштирилган ўқув режа асосида 2 та танлов фанни танлаш имконияти яратилади
 

Янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган янги ўқув дастурлари амалиётга киритилади.

Бунда 10–11-синфларда 14 та мажбурий фанлардан ҳафталик юкламаси 31 соатни ташкил этади. Такомиллаштирилган ўқув режа асосида 8 та мажбурий фан ва 2 та танлов фан (кимё-биология, математика-физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) танлаш имконияти яратилади.


Бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади


Янги ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча мактаблар бошланғич синф (жами 2,5 млн нафар) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади ва бунинг учун 2,7 трлн сўмга яқин маблағ ажратилади.
     

Кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга рухсат этилади


1 апрелдан бошлаб янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади.

Бунинг натижасида мактабгача таълим билан қамровни оширишда хизмат қилаётган ва зарур молиявий ресурсларга муҳтож бўлган 594 та тадбиркорга қўшимча имконият яратилади.


Азиз юртдошлар ва таълим соҳаси фидойилари!

Сиз ҳам ушбу Фармон лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этинг ҳамда соҳага доир муҳим таклифларингизни қолдиринг.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu