Сайт тест режимида ишламоқда

Қиш мавсумини ўтказишда муаммолар юзага келаётган мактаблар ҳолати бирма-бир таҳлил этилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича зарур топшириқлар берилди

7 декабрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазирлигида умумтаълим муассасаларининг қиш мавсумини беталофат ўтказиш, мактабларда юзага келаётган муаммоли ҳолатлар ва уларнинг ечимига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бошчилигида ўтказилган йиғилишда вазирлик мутасаддилари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари, тегишли йўналиш раҳбарлари иштирок этди ҳамда кун тартибидаги масалалар бўйича ахборот берди.

Вазир Бахтиёр Саидов тадбир аввалида мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ва бу борадаги жойлардаги мавжуд муаммоларга атрофлича тўхталиб ўтди. Жумладан, синфхона ва бошқа ўқув хоналаридаги мўътадил ҳарорат, иссиқлик етказиш ускуналари ва қозонхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган жараёнларни атрофлича таҳлил қилди.

Барчамиз яхши англаб турибмиз, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши ва бунинг натижасида иссиқлик таъминотига бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электр энергиясида узилиш ёки газ босимининг пасайиш ҳолатлари кузатилмоқда”, — деди вазир ўз сўзи давомида. — Бундай мураккаб вазиятда жойлардаги барча мутасаддилар мавжуд ҳолатни қатъий назоратга олган ҳолда, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга зарур чораларни кўриши керак.

Йиғилиш давомида мактабларнинг қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда уни беталофат ўтказиш бўйича вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, мактаблар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар қошида ташкил этилган Ишчи штаблари фаолияти таҳлил этилди. Қиш мавсумини ўтказишда турли муаммоларга учраётган таълим муассасалари ҳолатини доимий таҳлил қилиш, аниқланган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича штаб масъулларига зарур кўрсатмалар берилди. Айтиш жоизки, бугунги кунда мазкур йўналишдаги муаммоларни тезкор ҳал этиш ва назорат қилиш мақсадида ҳар 3 та мактабга биттадан ходим масъул қилиб бириктирилган. Улар ҳар кунлик аҳволидан хабардор бўлиб, муаммоларни тезкор бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиқларининг жойлардаги таълим муассасаларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чораларга доир ҳисоботи тингланди.

Бахтиёр Саидов ҳудудий масъуллар томонидан берилаётган маълумотларни таҳлил қилар экан, тилга олиб ўтилаётган мактаблар ёки бошқа муассасаларнинг ҳар биридаги муаммони шахсан ўрганиш ҳамда тезкор ҳал этиш бўйича вазирлик ва ҳудудий раҳбарларга керакли топшириқлар берди.

Юртимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабларда таҳсил олаётган миллионлаб ўқувчилар бизнинг фарзандларимиз, шу юртнинг болалари. Уларнинг сифатли ва қулай шароитларда таълим олишларини таъминлаш соҳада меҳнат қилаётган барча масъуллар олдида турган биринчи вазифадир. Шундай экан, биз мана шу ҳақиқатни тўла англаган ҳолда меҳнат қилишимиз, бор кучимиз ва эътиборимизни шу мақсад йўлида сарфлашимиз зарур”, — деди вазир ўз сўзини якунлар экан.

Йиғилиш сўнггида қиш мавсумини ўтказиш билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш мақсадида Ишчи штабларда ташкил этилган Ишонч телефонларининг узлуксиз ишлашини доимий назорат қилиш муҳимлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиш учун махсус мулоқот каналларини йўлга қўйиш, қўшимча имкониятларни ишга солишга доир масъулларга муҳим тавсиялар берилди.

Шунингдек, жойларда мактабларда иссиқлик билан муаммо юзага келган ҳамда ковид билан касалланиш ҳолатлари кўпайган тақдирда маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда мактабларни вақтинчалик бир ҳафталик таътилларга чиқариш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu