Сайт тест режимида ишламоқда

Таълим секторини мувофиқлаштириш маҳаллий таълим гуруҳининг ҳамкорлик режалари белгилаб олинди

22 ноябрь 2022 йил
image

Пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Таълим секторини мувофиқлаштириш маҳаллий таълим гуруҳининг навбатдаги мулоқот учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги таълим соҳасига тегишли қатор вазирлик ва давлат идоралари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде, Таълим бўйича глобал ҳамкорлик ташкилотининг мамлакат гуруҳи раҳбари Лина Бенет, А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев, Халқ таълими вазирлиги Таълим сифатини жараёнларини мувофиқлаштириш департаменти директори Лазиз Хўжақуловлар мавзуга доир ўз таклифларини билдирди.

Айтиш жоизки, таълим секторини мувофиқлаштириш маҳаллий таълим гуруҳининг дастлабки мулоқот учрашуви жорий йилнинг 29 апрель куни ўтказилган бўлиб, унда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар сарҳисоби ва келгусидаги истиқбол режалари ўттиздан ортиқ халқаро ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этилган.

Иккинчи бор ташкил этилган мазкур Таълим гуруҳи учрашувида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Британия Кенгаши (British Council), UNESCO, UNICEF, JICA, KOICA, USAID каби халқаро ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган устувор йўналишларга доир муҳим жараёнларни кейинги йилларда халқаро ва маҳаллий ҳамкор ташкилотлар ёрдамида ривожлантиришга доир “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масалалари ўртага ташланди. Шу билан бирга ушбу мақсадларни амалга ошириш бўйича халқаро молиявий институтларнинг грант маблағларини мақсадли жалб этишга доир таклиф ва фикрлар билдириб ўтилди.

Шу билан бирга Ўзбекистондаги умутаълим мактаблари инфратузилмасини янада яхшилаш ҳамда ўқувчилар учун муносиб таълим шароитларини яратиб бериш, таълим сифати ва ўқитувчилар малакасини доимий ошириб бориш бўйича аниқ йўналишларни ўз ичига олган мулоҳаза ва таклифлар ўртага ташланди.

Ўзаро қизғин муҳокамалар асосида кечган мулоқот давомида халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан ушбу таклифлар катта қизиқиш билан қабул қилинди ҳамда томонларнинг ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.

Дўстона ва очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашув сўнггида белгиланган мазкур вазифалар ижросини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича маҳаллий ва халқаро таълим ташкилотлари томонидан ўзаро келишувларга эришилди.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu