Сайт тест режимида ишламоқда

Битирувчиларининг 80 фоизи «репетитор»га қатнамай олий ўқув юртига ўқишга кириб, IELTS сертификатини қўлга киритадиган мактаб директорининг тажрибаси

8 ноябрь 2022 йил
image

Бухоро шаҳридаги 38-умумтаълим мактаби жорий йилда Миллий рейтинг кўрсаткичлари бўйича мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари орасида 2-ўринни қайд этди. Албатта, ўн мингта мактаб ичида пешқадам бўлишнинг ўз машаққати бор. Юқори натижаларни қўлга киритишда ушбу таълим муассасасида 11 йилдан буён директорлик қилиб келаётган моҳир педагог ва раҳбар Дилором Жўраеванинг ўз тажрибаси бор.

Мазкур мактабда ибрат олса арзирли бир анъана бор. Ҳар бир фан ўқитувчисига 5-синфдан дарс ажратилади ва то 11-синфга қадар у айнан шу синфга дарс ўтади. Бу ўқитувчиларнинг масъулиятини, ўқувчиларнинг билим сифатига бўлган жавобгарлигини оширади. Ўқувчининг ўзлаштиришида бўшлиқларнинг юзага келиш ҳолатлари олди олинади.

Натижада мактаб ўқувчилари ҳар йили фан олимпиадалари ва турли танловларда юқори натижаларни қайд этиб келишмоқда. Ҳар йили битирувчиларнинг  75-80 фоизи қўшимча репетиторлик курсларига қатнамай туриб, олий ўқув юртларига ўқишга киради, ўқувчиларнинг 80 фоизи, IELTS  сертификатларини қўлга киритади.

- Педагогик фаолиятим давомида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, ўқувчига қанча катта талаб қўйсанг, шунча юқори натижага эришасан, - дейди Бухоро шаҳридаги 38-умумтаълим мактаби директори Дилором Жўраева. -  Баъзилар “ўқув дастурида белгиланган талаблардан ортиқчаси болани зўриқтириб қўяди-ку” дея эътироз ҳам билдиришган. Бироқ бу эътироз ноўрин. Болага оз-оздан қўшимча вазифалар бериб бориш, унинг имкониятларини кенгайтиради, ўзига бўлган ишончини оширади.  Масалан, 1-синф ўқувчиларига ҳар чоракда ўқув дастурига қўшимча равишда инглиз тилидан 100 та сўз ёдлаш талаби қўйилади. Бу сўзлар содда ва кундалик ҳаётда кўп ишлатиладиган сўзлардан таркиб топган бўлиб, чорак охирида ўзим ҳар бир боладан имтиҳон оламан. 2-синфдан эса рус тили фани йўналишида худди шундай талаб қўйилади. Бизда 1-синфнинг 2-чорагида ўқувчилар математикадан юз ичида қўшиб-айириш амалини ҳеч қийналмай бажаришади.

Тажрибали директор тажрибасига таянган ҳолда 2021-2022 ўқув йилида мазкур мактаб ўқувчиларининг 56 нафари мактабда олган билими билан IELTS  сертификатини қўлга киритди. 12 нафар битирувчи муддатидан олдин талаба бўлиш имкониятига эга бўлди. 11-синфни тамомлаган 107 нафар ўқувчиларнинг 20 нафари давлат гранти, 74 нафари шартнома асосида олий ўқув юртларига қабул қилинди.

Бу каби улкан муваффақиятга эришишда директор, энг аввало, педагогик жамоани тўғри шакллантиришга эътибор қаратади. Жамоага ҳар бир ўқитувчи синов асосида қабул қилинади. Фан методбирлашмалари томонидан тузилган тест, ёзма иш ва иншо  топшириқлари орқали уларнинг билими, педагогик маҳорати текширилади. Чунки ўқувчининг билими - ўқитувчининг салоҳиятига боғлиқ.  Синовларда юқори натижа кўрсата олган номзодларгина жамоа сафидан ўрин олади. Фаолияти давомида улардан ўз устида доимий изланиш, маҳорати ва малакасини ошириб бориш, ўқувчиларининг ўзлаштиришида натижа кўрсатиш талаби қўйилади. Айни пайтда мазкур мактабда 1615 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Таълим-тарбия жараёнини 74 нафар педагог олиб боради. Жамоадаги ўқитувчиларнинг 13 нафари олий, 36 нафари 1-, 14 нафари 2-малака тоифасига эга. 10 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари, 5 нафар рус тили фани ўқитувчилари С1 даражадаги сертификатларга эга.

Таълим-тарбияда “Бола бошдан” деган нақлга қатъий амал қилиш талаб этилади. Жамоада бунга алоҳида аҳамият қаратилади. Ўқувчи 1-синфга келгани ҳамоноқ, унинг зиммасидаги масъулиятни теран англаб олиш, мажбуриятларини чуқур ҳис қилишига ёрдам берилади. Энг аввало, ўқувчи қалбида ўқишга, ўрганишга истак уйғотилади. Масъулиятни ҳис этиб бошлагач, унга аста-секинлик билан ҳар бир фан йўналишида қўшимча талаблар қўйила бошланади.

Ўқитишда – ўқувчининг тарбияси ҳам муҳим саналади. Чунки оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата олган олган ўқувчи ўз ҳатти-ҳаракатларини тартибга сола олади, атрофидаги воқеаларга нисбатан тўғри баҳо беради ва муносиб жавоб қайтара олади. Таълим ва тарбияни бир-бирига ҳамоҳанг тарзда олиб бораётган мактаб раҳбари бугун ўқувчилари ортидан фақат раҳмат эшитмоқда. Бир сўз билан айтганда, Дилором Жўраеванинг директорлик фаолияти давомида қўллаётган усули ва тажрибаси нафақат мактаб ва педагогик жамоа, балки ўқувчиларини ҳам юқори марралар сари етакламоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu