Сайт тест режимида ишламоқда

Халқ таълими вазири II Истанбул таълим саммити доирасида Туркия мактаблари фаолияти билан танишди

7 ноябрь 2022 йил
image

Аввал хабар берилганидек, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов II Истанбул таълим саммитида иштирок этди.

Истанбул таълим саммити доирасида вазир Туркиянинг давлат умумтаълим муассасаларида таълим сифати, моддий-техник таъминоти ва бошқарув тизимини ўрганиш мақсадида Истанбул шаҳридаги Профессор Жамил Тошчи-ўғли номидаги умумтаълим мактабига бориб, мактаб жамоаси билан мулоқотда бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Туркияда таълим тизими ходимлари давлат хизматчиси мақомига эга. Ёш педагог кадрларни мактабга қабул қилиш тизими эса “қаттиқ сиёсат” ёндашуви асосида амалга оширилиши маълум қилинди. Яъни, Туркияда мактаб ўқитувчиси бўлиш учун педагогик олий таълим муассасасини битиргач бир йил давомида амалиёт ўташи ҳамда давлат томонидан ташкил этилган махсус “Давлат хизматчисини танлаш имтиҳони”дан муваффақиятли ўтиб сертификатга эга бўлиш талаб этилади.

Мактаб директорининг сўзларига кўра университетни битиргач ёш педагоглар ўз иш фаолиятини биринчи бўлиб чекка ва қишлоқ жойларда жойлашган мактаблардан бошлашади. Рейтинги баланд нуфузли давлат мактабида ишлаш учун эса камида 10 йиллик иш стажи талаб этилади.

Мана шу жараёнларни ташкил этиш Туркия Миллий таълим вазирлиги томонидан ўқитувчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона электрон тизим (платформа) яратилган.

Шундан сўнг Бахтиёр Саидов Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Туркан Сабанcи кўзи ожизлар мактабига борди. Унда мактабда болалар учун яратилган шароитлар билан танишилиб, ўқув дастурлари, имконияти чекланган болаларга жисмоний тарбия дарсини ўтказиш тажрибаси ўрганилди, ўқитувчилар таркиби ҳамда кўзи ожиз ўқувчилар билан суҳбат қилинди. Брайль ёзуви асосида ўқитиш методикаси ҳамда моддий-техник базаси ҳақида маълумот олинди.

Мактаб маъмурияти Брайль ёзуви мавзусида ўзбекистонлик экспертлар учун махсус ўқувларни ташкил этиб бериш, улар билан ҳамкорликда ишлаш ҳамда тажриба алмашишга келишиб олинди.

Маълумот учун: Туркия Республикасида мажбурий таълим 12 йил бўлиб, ўқиш бошланғич мактабда 4 йил (1-4-синфлар), ўрта мактабда 4 йил (5-8-синфлар) ва юқори мактаб ёки лицейларда 4 йил (9-12 синфлар) давом этади. Жами мактаблар сони 56 259 та, ўқувчилар сони 19 155 571 нафар, ўқитувчилар сони 1 139 673 нафарни ташкил этади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu