Сайт тест режимида ишламоқда

Қашқадарёдаги таълим даражаси паст мактабларда сифатни яхшилаш чоралари белгиланди

6 октябрь 2022 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарёнинг таълим даражаси паст бўлган Кўкдала туманидаги 66-сонли, Чироқчи туманидаги 40-сонли мактаблар фаолияти таҳлил этилди.

Педагогларнинг сифат таркиби, касбий маҳорати, дарс соатларининг адолатли тақсимоти ўрганилиб, асосий эътибор ўқувчиларга сифатли таълим бериш, битирувчиларни маънан етук шахс сифатида камолга етказишга қаратиш бўйича кўрсатма берилди.

Педагоглар билан мулоқотда бугун таълим тизимидаги ўзгаришлар келгусида амалга оширилиши зарур бўлган масалалар юзасидан суҳбатлашилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш, уларни моддий ва маънавий қуллаб-қувватлаш борасида режалаштирилган ишлар ҳақида фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида мактабларга алоҳида эътибор қаратгани натижасида биргина 2022 йилда вилоятда 88 та мактаб таъмирланмоқда. 690 та мактабнинг мебель жиҳозлари янгиланмоқда. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Чироқчи туманидаги 38-мактабга етказиб берилган мебель жиҳозлари кўздан кечирилди. Шу ернинг ўзида мутасаддиларга ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги, белгиланган стандарт меъёрларига амал қилиши тўғрисида кўрсатма берилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги билан жиҳозларнинг ишлаб чиқариш ва мактабларга етказиш жараёнини қисқа муддатларда якунлашга келишиб олинди.

Чироқчи туманидаги 40- ва 38-сонли мактабларга телевизор, 40-сонли мактаб ўқитувчиси Гавҳар Бўроновага намунали фарзанд тарбияси ва уларнинг муваффақияти учун ноутбук тақдим этилди. Ишчи гуруҳнинг вилоят мактаблари фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Айтиш лозимки, мамлакатимизда атроф-муҳит озодалиги, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш орқали инсон саломатлигини асраш мақсадида “Яшил макон” акцияси давом этмоқда.

Ўтган йили баҳор фаслида акция доирасида 10 мингдан ортиқ мактабларда 1,5 млндан ортиқ дарахт кўчатлари ўтказилди. Ушбу хайрли ишлар айни куз мавсумида ҳам давом эттириш режалаштирилган. Бу борада Кўкдала педагогика коллежининг тажрибасини намуна сифатида эътироф этиш жоиз.

Вазир Бахтиёр Саидов Қашқадарё вилоятига сафари давомида ушбу таълим муассасасида бўлиб, кўп йиллик меҳнат эвазига коллеж ҳудудида яратилган боғлар, яшил маконни бориб кўрди. Коллеж раҳбари билан бирга ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, дарахт кўчати экиш, уни парваришлаш тажрибаси билан ўртоқлашилди.

Ушбу тажрибани Кўкдала ва Чироқчи туманларидаги 200 дан ортиқ мактабларга татбиқ этишга келишиб олинди. Учрашувда “ҳудудни яшил маконга айлантириш нафақат кўркам маскан бўлади, балки шу орқали болаларга маънавият олиб кирилади. Табиатга меҳр уйғонади, бундай болалар кўнглидаҳеч қачон ёмонлик бўлмайди” деб таъкидланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu