Сайт тест режимида ишламоқда

Бир йил аввал ижтимоий тармоқда танқид қилинган мактаб замонавий қиёфага келтирилди

5 октябрь 2022 йил
image

Аввал хабар қилинганидек, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг 2021 йил ноябр ойида Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 68-мактабга сафари давомида мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган ўқувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги ўқув биноси қуриш бўйича масъулларга зарур кўрсатмалар берилган эди.

Айтиш лозимки, ўтган вақт давомида мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудда 300 ўринли, ўқувчиларнинг муносиб таълим олишлари учун барча шароитларга эга янги мактаб биноси барпо этилди.

Вазирлик мутасаддилари бугун мазкур мактабга қилган навбатдаги сафари давомида бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди, ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар билан мулоқот олиб борди.

Мактабнинг 11-синф ўқувчилари билан ўтказилган суҳбатда болаларнинг келажак мақсадлари, орзу-ниятлари билан яқиндан танишди. Вазир ёшларнинг ўз олдига қўйган бугунги мақсадлари келажак ҳаётда нечоғлик аҳамият касб этиши ҳақида сўз юритар экан, “мамлакатимизнинг тараққий этиши, хусусан, ўз туманингиз, шаҳрингиз ва қишлоғингизнинг ривожланиши, албатта, эртанги кунимиз бўлган сиз ёшларнинг бугунги олаётган билимингиз, ҳаракатингизга боғлиқ” — дея уларни янада қатъий қадам ташлашга ундади.

Мактабда олиб борилган ўрганишлар давомида таълим муассасасини қисқа муддатда юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш бўйича тегишли мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Шунингдек, тумандаги 36-сонли мактабда ҳам бўлиб, ушбу ўқув даргоҳида яратилган шароитлар, ўқитувчилар фаолияти, йўлга қўйилган ўқув-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишди. 
Мактаб педагоглари билан мулоқотда таълим тизимидаги бугунги мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашди. Мактаб психологи ҳамда директор ўринбосарларига таълим сифатини ошириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш ишларини тўғри ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини берди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu