Сайт тест режимида ишламоқда

Самарқанд шаҳрида кун давомида ўтказилган ўқитувчи ва мураббийларнинг касб байрами барчага хушнудлик улашди

29 сентябрь 2022 йил
image

  Бугун Самарқанд шаҳри юртимизда меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчи ва мураббийларни ўз бағрига олди.

 “1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан кун давомида шаҳарнинг турли нуқталарида ўтказилган қатор учрашув ва тадбирлар, саёҳат ва томошалар ўқитувчилар кўнглига ўзгача қувонч бағишлади.

Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим вазирликлари ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган республикамизнинг 700 нафар устоз-мураббийлари иштирокидаги бу тадбирлар чин маънода байрам қувончларига бой бўлди, десак адашмаймиз.

Самарқанд халқаро туристик марказидаги 5 юлдузли меҳмонхоналарга жойлаштирилган меҳмонлар кун давомида “Боқий Самарқанд” мажмуаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди.

Устоз ва мураббийлар мазкур мажмуада миллий ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги чойхоналар, Чорсу шарқ бозори ҳамда уста-ҳунармандларнинг ижод намуналарини кўздан кечиришди.

Шунингдек, мажмуа безакларидаги қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирлари меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Куннинг иккинчи ярмида бошланган “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрамининг асосий тадбирига тайёргарлик жараёнлари қизғин лавҳаларга бой бўлди.

Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида жойлашган Конгрес залида ўтказилган асосий байрам тадбири аввалида Давлатимиз раҳбарининг “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан таълим соҳаси ходимларига йўллаган байрам табриги эълон қилинди.

Табрикни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов тадбир иштирокчиларига ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2022 йил 28 сентябрдаги тегишли Фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирланган таълим соҳасидаги 91 нафар, шу жумладан халқ таълими тизимидаги 54 нафар ўқитувчи ва мураббийларга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медалларини топширди.

Тадбир давомида иштирокчилар учун таниқли санъат усталари  иштирокида концерт дастури намойиш этилди.


Тантанали тадбирдан сўнг ўқитувчи ва мураббийлар учун байрам дастурхони ёзилди.

Байрам тадбирлари эртага Самарқанд шаҳрида давом этади. Унда шаҳардаги диққатга сазавор масканлар. шу жумладан, Регистон майдони, Гўри Амир, Шоҳи зинда каби қатор тарихий обидаларга саёҳат уюштирилиши режалаштирилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu