Сайт тест режимида ишламоқда

Ўқувчилари халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлаётган ўқитувчи олтин медални мақсад қилди

23 сентябрь 2022 йил
image

Ёш педагог Сардор Самадов Навоий шаҳридаги 11-мактабда ўқувчиларга кимё фанидан сабоқ беради. Изланувчан ўқитувчининг ўқувчилари Халқаро мусобақаларда, шунингдек, фан олимпиадасининг шаҳар, вилоят, республика босқичларида мунтазам равишда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Сўнгги тўрт йил давомида унинг ўқувчилари кимё фанидан ўтказилган олимпиаданинг Навоий шаҳар ва вилоят босқичларида саккиз маротаба фахрли ўринларни эгаллади. 2020-2021 ўқув йилида саккиз нафар ўқувчиси Давлат тест маркази томонидан ўтказилган умумтаълим фанларини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатга эга бўлди. Қувонарлиси, уларнинг барчаси 90 фоиздан юқори натижаларни қўлга киритди.

Таъкидлаш жоизки, Сардор Самадовнинг ўқувчиси Шерзод Шайматов 56-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида бронза медали совриндори бўлган эди. Жорий йилнинг июль ойида Хитой давлатида масофавий тарзда ўтказилган 54-Халқаро кимё олимпиадасида шарафли юришни давом эттирди. Кумуш медални қўлга киритиб, 90 миллион сўм пул мукофоти ва олий таълим муассасасига тест синовларисиз, давлат гранти асосида қабул имкониятига эга бўлди. Ўқувчиси қўлга киритган ютуқлар натижасида эса Сардор Самадовнинг 84 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирдланди.

Жорий йилда Сардор Самадов “Йилнинг энг фаол ёш халқ таьлими ходими” кўрик-танловининг шаҳар босқичида фахрли 1-ўринни, вилоят босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади.

— Республика ва Халқаро олимпиадада иштирок этадиган жамоани шакллантиришга бор эътиборимни қаратганман. Ҳаётдаги асосий мақсадларимдан бири – кимё фанининг ривожига оз бўлса-да ҳиссамни қўшиш. Энг нуфузли Халқаро олимпиадаларда шогирдларим билан биргаликда олтин медални қўлга киритиш. Меҳнатларим қадр топаётган юртимизни дунёга танитиш. Яқинда Халқ таълими вазирлиги томонидан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Мазкур рағбат менга қўш қанот бўлди. Эндиликда Халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритмагунча тиним билмай меҳнат қиламан”, — дейди Сардор Самадов.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu