Сайт тест режимида ишламоқда

2022-2023 ўқув йилида 161 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола 88 та мактабнинг 114 та инклюзив синфига қабул қилинди

20 сентябрь 2022 йил
image

Хабарингиз бор, юртимизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу каби болажонларни умумтаълим мактабларида соғлом тенгдошларига қўшиш, уларни жамиятга эрта мослаштириш мақсадида инклюзив таълим жорий этилган.

Хусусан, 2021-2022 ўқув йили якунига қадар республикамиз бўйича 31 та умумтаълим мактабларида тажриба-синов тариқасида инклюзив таълим ташкил этилган эди. Мазкур мактабларда жами 87 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар 46 та синфда таълим-тарбия олди. Шунингдек, Нукус, Андижон, Когон ва Урганч шаҳарларида биттадан, жами 4 та умумтаълим мактабларида бошланғич таянч коррекцион синфлари ташкил этилиб, бир хил ташхисли 35 нафар болалар қамраб олинди.

Ўқув йили жараёнида аксарият ўқувчилар мактаб шароитига мослашиб, соғлом тенгдошлари билан дўстона муносабатга киришгани кузатилди. Айрим ўқувчиларда эса ўқув йили бошида таълим жараёнига мослашишда қийинчиликлар учради. Мактаб психологи, бошланғич синф ўқитувчиси ҳамда ота-оналарнинг ёрдами билан ушбу қийинчиликлар енгиб ўтилиб, ўқув йили якунида ижобий натижаларга эришилди.

Ушбу ижобий тажриба натижасида жорий ўқув йилида 194 та мактабда янги инклюзив синфлар очилиб, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар учун ҳозирлаб қўйилди. Шундан бугунги кунда 88 та мактабнинг 114 та инклюзив синфига 161 нафар ўқувчи қабул қилинди. Шунингдек, янги ўқув йилида Нукус шаҳридаги 27-сонли ҳамда Навоий шаҳридаги 5-умумтаълим мактабларида 2 та бошланғич таянч коррекцион синфлар очилди. Ушбу 1-синфларга 18 нафар бир хил ташхисли ўқувчи қабул қилинди. Қабул қилиш жараёнлари ўқув йили давомида ҳам мунтазам равишда амалга ошириб борилади.

Айни вақтда Республика ташхис маркази Инклюзив таълим лабораторияси бўлими методистлари томонидан инклюзив таълимни мамлакатимизда кенг жорий этиш мақсадида хориж тажрибалари ўрганилмоқда. Бошланғич синф ўқитувчилари, мактаб психологлари ҳамда директорлари учун конференциялар ташкил этилмоқда. Шунингдек, инклюзив ва коррекцион синф ўқитувчилари, психологлари малакаси оширилиб, ўқувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Ҳозирги кунда ота-оналар фарзандини умумтаълим муассасасида таълим олаётгани, соғлом болалар билан биргалигидан ҳамда уйида - ўз бағрида эканлигидан хурсанд. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар мактабга боришни хоҳлайди. Соғлом болалар эса алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган тенгдошларига жамиятнинг бир бўлаги сифатида қарамоқда. Соғлом болаларнинг ота-оналари ҳам фарзанди алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларга ёрдам бераётганлигини, дарс жараёнида қандай қатнашаётганлигига ҳам қизиқаётганлигидан мамнун бўлаётгани қувонарли ҳол, албатта. Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар давом этади.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu