Сайт тест режимида ишламоқда

Гулистонда бошланғич синфлардаги ягона эркак ўқитувчи – Музаффар Умаровнинг касбий фаолиятига бир назар

13 сентябрь 2022 йил
image

Бошланғич синф ўқувчиларини дарсга қизиқишини ошираётган эркак ўқитувчи

Халқ таълими тизимида эркак ўқитувчиларининг сонини кўпайтириш ва тизимга жалб қилиш мақсадида соҳада бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Мана шундай эркак ўқитувчиларидан бири Музаффар Умаров Гулистон шаҳри бўйича ягона бошланғич таълим ўқитувчиси ҳисобланади. 

Бошланғич синф ўқувчиларига асосан аёл ўқитувчилар сабоқ беришини барчамиз яхши биламиз. Қаҳрамонимиз Музаффар Умаров эса эркак ўқитувчи сифатида жажжи ўғил-қизларга билим беришни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйган.

Педагогнинг халқ таълими тизимига меҳр қўйишининг асосий сабаби - ўқитувчилик касбига бўлган меҳри. Устозлик фаолияти давомида ўқувчилари унинг кўз ўнгида фанлардан ижобий натижаларга эриша бошлагани устозни янада руҳлантириб, муваффақият сари чорлаган.

-  Ўқитувчилик - ҳаётим мазмуни, борлиғим, десам ҳечам адашмайман, - дейди Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги 6-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Музаффар Умаров. - Болалагимда расмни чиройли чизганим, санъатга қизиққаним учун дастлаб Гулистон давлат университетининг тасвирий санъат факультетига ўқишга кирганман. Бошланғич таълим факультети талабалари билан маърузалар вақтида параллел ўқиган пайтларимизда бошланғич таълим йўналишига қизиқишим орта бошлади. Дарсларда эркин тингловчи сифатида қатнаша бошладим. Ҳуснихат, математика, она тили ўқитиш методикаси, педагогик маҳорат дарслари менда катта қизиқиш уйғотди. Шунда ўқишимни бошланғич таълим факультетига кўчиришга қарор қилдим. Ота-онам, оила аъзоларим менга қаршилик билдириб, "Кўчирсанг фақат иқтисодиёт факультетига ўтказасан, дейишди. Уларни дилини ранжитмадим-да "Хўп", дедим, лекин таълимни ўзгартириш комиссиясига ҳужжат топширгани борганимда бошланғич таълим факультетига ариза бердим. Уйдагиларга 1 йилгача бу ҳақда айта олмадим. Кейинчалик айтганимда отам тушунди-ю, онам бир-икки кун хафа бўлгандай юрди. Лекин кейинчалик тушуниб, майли, деб мени қўллай бошлади.

Музаффар Умаров қандай дарс беришидан қатъий назар урғуни айнан миллийликка, ватан туйғусини шакллантиришга қаратади. Ўзбек мутафаккирлари ҳақида болаларга кўплаб маълумотлар беради. Бу орқали ўзбек миллати қадимдан илм, маърифатда юксак даражаларга эришганлигини тушунтиради. 

Сўнгги ўн йил давомидаги фаолиятига тўхталсак, унинг асосий стратегияси фанлараро интеграцияга урғу беришидир. Математика, она тили, табиий фанлар, технология, тасвирий санъат дарсларини бир-бирига боғлашидир. Бир синфда 30 та ўқувчи ўқиса барчасини бир хил кўриш, синфда ижтимоий тенгликни мустаҳкамлаш асосий вазифасидан иборат. 

Музаффар Умаров дарсликларни яратиш борасида ҳам кўплаб ташаббус кўрсатган. Хусусан, 3-синф математика дарслигини амалиётга жорий қилишдан олдин мисол ва масалаларни ўқиб чиқиш, синовдан ўтказишда иштирок этган. Таққослаш борасида Россиянинг 3-синф математика (Петерсон) дарслигини ўзбек тилига таржима қилган. 

Меҳнат фаолияти давомида кўпгина ютуқларга ҳам эришган. Илғор педагогик иш тажрибаси мактаб, шаҳар ва вилоят миқёсида оммалашган. Тажрибали ўқитувчи муаллифлиги остида барча фан ўқитувчилари учун "Инновацион конверт" методи ишлаб чиқилиб, республика миқёсида оммалаштирилган. Бошланғич синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун "С нами интересно" методик қўлланмасини ишлаб чиқилган. 

Шу билан бирга, изланувчан педагог Республика таълим марказининг бошланғич таълим бўлимида муаллифлар томонидан ёзилган дарсликларни методик ўрганиш комиссияси аъзоси бўлиб, тақризчи сифатида иштирок этган. Республикада илк бор ота-оналарни мактабга жалб қилиш борасида Инновацион ота-оналар мажлисини ўтказиб, улар билан математика, табиат, шунингдек бир-бирини ҳурмат қилиш, ўқитувчини эъзозлаш каби мавзуларда тадбирлар ўтказган. Илғор педагогик фаолияти ва таълимнинг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Айни вақтда Музаффар Умаров “Бошланғич таълим фан ойлиги” доирасида тасвирий санъат дарсида ўқувчида перспектив ёндашувни шакллантириш, предметларни бири-биридан узоқ ёки яқинлигини аниқлаш, предметни ҳаётий белгиларига қараб ранг танлаш, соя ва унинг ўзгаришига тасир этувчи омилларни мустақил аниқлашларига кўникма яратиш устида ишламоқда. Ўқувчиларда ҳаётий компетенцияларни шакллантириш диққат марказида. Эътиборлиси, муаллим оддийгина мел ва доска ёрдамида ўқувчиларни дарсга қизиқтира олади. Анъанавий дарсда инновацион методларни қўллаб, ўғил-қизлар билимини бойитмоқда. Шу боисдан ҳам ўқувчиларнинг дарсга қизиқиши ортиб, барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирмоқда. Билимдон ўқувчилари турли фан олимпиадаларида фахрли ўринни қўлга киритиб, шахмат бўйича республика спорт тадбирларида ҳам юқори натижаларга эришмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu