Сайт тест режимида ишламоқда

Вазир ва вазир ўринбосарлари иштирокида ўтган матбуот анжуманида соҳага доир муҳим масалалар қизғин муҳокама этилди

8 август 2022 йил
image

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 6 ойлик фаолияти якунлари ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев, вазир ўринбосарлари — Темур Комилов, Рустам Каримжонов, Вахобжон Ражапов ҳамда вазирлик масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида вазирлик фаолиятининг 2022 йил 1-ярим йиллик якунлари ҳамда бу борада амалга оширилган энг муҳим вазифалар ижросига доир муҳим масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастури” асосида келгусида тизимда амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни белгилаб олинди.

Жорий йилнинг ўзида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида 100 минг нафар, “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали 87 минг нафар тизим ходимлари ўз малакасини оширди. Натижада, тоифага эга ўқитувчилар сони 220 110 нафардан 325 818 нафарга ёки уларнинг улуши 43,8 фоиздан 64,8 фоизга ошишига эришилди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида жами 176 нафар хорижий эксперт ва педагоглар жалб қилинди. 

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан педагог кадрлар сифатини ошириш мақсадида  Педагогика университети халқ таълими тизимига ўтказилди. Келгусида эса Тошкент давлат педагогика университети халқаро талаблар асосида трансформация қилиниши режалаштирилмоқда.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, жорий йилда 246 нафар маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида мактаблар учун Миллий ўқув дастури яратилиб, ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этилмоқда. Дастур асосида 296 номдаги янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари яратилди. Шу жумладан, 189 та дарслик, 50 та машқ дафтари, 57 та методик қўлланмалар ва дарсликларнинг мобил иловалари яратилди.

Қайд этиш ўринлики, педагогларни касбий маҳоратини ошириб бориш ўқувчиларнинг шахсий ва жамоавий ютуқларга эришишида муҳим ўрин тутмоқда. 2021-2022 ўқув йили давомида мактаб битирувчиларининг 9 514 нафарига олтин ва 1 999 нафарига кумуш медаллар топширилди.

Хусусан, юртимиз мактаб ўқувчилари нуфузли халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ҳам катта натижаларга эришди. Хусусан: 
•    нуфузли халқаро олимпиадаларида – 6 та медал (4 та кумуш, 2 та бронза);
•    минтақавий олимпиадаларда – 39 та медал (3 та олтин, 13 та кумуш, 23 та бронза) қўлга киритилди.

Бунинг натижасида ўқувчиларимиз ва уларнинг устозлари жами 778,5 млн.сўм миқдорида рағбатлантирилди.

Ёш авлодни соғлом вояга етиши учун жорий ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикасида – 139 мингдан ортиқ (726 та мактаб), Хоразм вилоятида – 134 мингдан ортиқ (549 та мактаб) ўқувчи бепул овқатланиши ташкил этилди.

Халқ таълими соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тармоғини кенгайтириш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, умумий ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар дубликатини бериш Ягона интерактив хизматлари портали орқали 7 кун ичида (илгари 30 кун) олиш имконияти яратилди. Бунинг натижасида бугунги кунга қадар 3 131 нафар фуқаро ҳужжат дубликатини электрон шаклда олди.

Матбуот анжумани давомида янги — 2022-2023 ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари ва бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлилига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбир сўнггида журналистлар томонидан берилган мактабдаги дарс жараёнлари ва ўқув дарсликлари сифатини янада яхшилаш, соҳада хусусий сектор улушини ошириш ҳамда бошқа муҳим мавзуларга оид саволларга вазирлик мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.
 

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu