Сайт тест режимида ишламоқда

Вазир 7-синфданоқ ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераётган иқтидорли мактаб ўқувчиси билан учрашди

3 август 2022 йил
image

Иззатбек Юсупов Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги 13-мактабининг 7-синфи ўқувчиси. Тил ўрганишга иштиёқи баланд бўлганлиги боис у рус ва инглиз тилларини мукаммал билади.  Бунинг натижасида нафақат мактаб, балки вилоят ва республика босқичидаги танловларда ғолибликни қўлга киритиши Иззатбекни яна-да руҳлантиради. 

Эътиборлиси, Иззатбек инглиз тилидан қўшимча дарсларга бормайди. Дарсдан кейин бўш вақтида онажониси билан инглиз тилида суҳбатлашади, биргаликда дарс тайёрлайди. Олган билимларини бошланғич синф ўқувчиларига кичик дарс машғулотлари ташкил этиб, ўргатади.

Тил ўрганиш ва ўргатишдан бўш вақтларида иқтидорли ўқувчи шеър ва ҳикоялар ҳам ёзади. “Камалак юлдузлари” фестивалининг вилоят босқичида “Назм ва нашр” йўналишида иштирок этган Иззатбек 1-ўринни қўлга киритиб, республика босқичида иштирок этишга ҳам муваффақ бўлган. Унинг “Орзулар баҳори” шеърий тўпламида дастлабки ижодидан намуналар чоп этилган. Иззатбекнинг шеър ва ҳикоялари турли нашрларда мунтазам равишда эълон қилинмоқда. “Нон иси”, “Йўл-йўлакай”, “Совға” номли ҳикоялари газета ва журнал саҳифаларидан ҳам ўрин олган.

Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов иқтидорли ўқувчилар Иззатбек Юсупов ҳамда Заҳрохон Раҳматуллаева билан учрашди. Самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда вазир Иззатбек ва Заҳрохон каби иқтидорли ўқувчилар сони яна-да кўпайиши, мактабда таълим олаётган ҳар бир ўғил қиз “Ватаним учун нима қилдим?” дея ўзига ўзи савол бериши, Ўзбекистон ривожи учун ўз билими билан ҳисса қўшиши зарурлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Иззатбек Юсупов инглиз ва рус тилларини мукаммал ўрганаётгани, бўш вақтида бошланғич синф ўқувчиларига ҳам тил ўргатиши, шеъриятга қизиқиши  ҳақида фахр билан сўзлади. Шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Заҳрохон Раҳматуллаеванинг теран фикрлари, кенг дунёқараши суҳбат давомида яққол кўзга ташланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu