Сайт тест режимида ишламоқда

Вазирнинг навбатдаги фуқаролар қабулида Пахтаобод туманидаги мактаб спорт майдонининг ноқонуний аукционга қўйилиши билан боғлиқ масала кўриб чиқилди

20 июль 2022 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг навбатдаги фуқаролар қабули давомида халқ таълими тизимига доир бир қатор мурожаатлар ўрганилди.

Жумладан кўрилган муҳим масалалардан бири Андижон вилояти Пахтаобод тумани 13-мактаб директорининг мазкур мактаб стадиони жойлашган ер майдони ноқонуний тарзда аукцион савдосига қўйилганлиги билан боғлиқ бўлди. Вазир келтириб ўтилган ҳолат бўйича ўз фикрини билдирар экан, қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилган бўлсада, жойларда мактаб ҳудудига кирувчи ер майдонларидан турли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари, афсуски, учраб турганлигини таъкидлаб ўтди.

Мулоқот чоғида Давлатимиз раҳбарининг “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги қарорига асосан, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланиши қайд этилди.

Вазир зудлик билан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси, Пахтаобод тумани халқ таълим бўлими раҳбарияти ҳамда Вазирлик Ҳуқуқий назорат хизмати масъулларига ушбу ҳолатни назоратга олиш ва мактаб ерини ҳеч ким ўзбошимчалик билан эгаллашига йўл қўймаслик бўйича зарур топшириқлар берди.

Қабул давомида яна бир қатор масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари тингланди. Жумладан, жойларда фаолият юритаётган раҳбарларнинг ўз ишига совуққонлик билан муносабатдалиги, мактабларда таълим сифатини ошириш юзасидан мурожаатлар тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu