Сайт тест режимида ишламоқда

МАКТАБНИ IELTS 8,5 БАЛЛ БИЛАН БИТИРИБ, ТУРИН ПОЛИТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ 2-КУРСИГА ГРАНТ АСОСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КАМОЛА ЎЗ МУВАФФАҚИЯТ СИРЛАРИ БИЛАН ЎРТОҚЛАШДИ — “МАКТАБДАГИ ҲАР БИР ДАРСГА МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ЁНДОШИШ ЛОЗИМ”

13 июль 2022 йил
image

Камола Мадаминова 1-синфда ўқиб юрган пайтлариданоқ тил ўрганишга иштиёқи баландлиги билан устозлари эътиборига тушган. Шу боисдан ҳам Камола пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 5-мактабда энг аълочи ўқувчилар сафидан ўрин олиб, шу мактабни аъло баҳоларга тамомлади. 

Камола Мадаминова 1-синфда ўқиб юрган пайтлариданоқ тил ўрганишга иштиёқи баландлиги билан устозлари эътиборига тушган. Шу боисдан ҳам Камола пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 5-мактабда энг аълочи ўқувчилар сафидан ўрин олиб, шу мактабни аъло баҳоларга тамомлади. 

Иқтидорли қизалоқ бошланғич синфда ўқиб юрган вақтида билимлар беллашуви ҳамда турли танловларда фаол иштирок этган. Бу каби мусобақаларда тобланган қизалоқ, кейинчалик фан олимпиадаларида ҳам муваффақиятга эриша бошлади.

7-синфдан бошлаб Камола инглиз тили фан олимпиадасининг шаҳар босқичида 1-ўринни эгаллади. 8-синфда билимини янада бойитиб, яна ғолибликни қўлга киритди. 9-синфда эса  туман босқичида фахрли ўринларни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди.  11-синфда ҳам инглиз тили фан олимпиадасида қатнашиб, туман босқичида 1-ўрин, шаҳар босқичида 2-ўрин, шунингдек республика босқичида 1-ўринни эгаллади. Шу йилнинг ўзида у IELTS имтиҳонидан 8,5 балл тўплашга муваффақ бўлди. Камола инглиз тилидан республика фан олимпиадасида 1-ўринга лойиқ топилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси "Тошкент амалий фанлар университети" МЧЖ томонидан 80 000 000 сўм маблағ ажратилиб, мазкур университетда грант асосида ўқишга ҳам тавсия этилган. 

— IELTS имтиҳонидан 8,5 балл олишим учун жуда кўп илмий адабиётларни мутолаа қилдим, - дейди Камола Мадаминова. - Тинимсиз ўқидим, изландим. Мактабда устозларимдан ҳам инглиз тилидан жуда яхши сабоқ олганман. Юқори натижаларга эришишимда асосий омил — мактабимда ўқитувчиларим берган сабоқлари, деб айта оламан.

Зукко ўқувчи Камола инглиз тили фан олимпиадаларида иштирок этишдан ташқари, бошқа танлов ва тадбирларда ҳам фаол қатнашишга ҳаракат қилади. Масалан, “English Zakovat” ўйинларида 1-ўринни қўлга киритган, «Заковат» жамоаси сардори. 9-синфда «Зулфияхоним қизлари» танловида ҳам қатнашиб, яхши натижалар кўрсатди. Шунингдек, Камола ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Бизнинг ифтихоримиз” интеллектуал телекўрсатуви ғолиби деб топилган. 

Бу муваффақиятларга оддий мактаб ўқувчиси осонлик билан эришмади. Камола барча дарсларга масъулият билан ёндашган, ҳамиша ўз билимини бойитишга ҳаракат қилган. Доимо намунали ўқувчи ва етук инсон бўлиб етишишга интилган.

— Тенгдошларимга мактабдаги дарсларга масъулият билан қараб, кўп китоб ўқишларини тавсия қилган бўлардим. Мана шундай мақсад билан улкан муваффақиятга эриша оладилар, деб иккиланмай айта оламан, - дейди жорий йилда грант асосида олий таълимга қабул қилинган Камола Мадаминова.

Айни дамда Камола Камола Турин политехника университетининг тест синовларидан ҳам муваффақиятли ўтиб, тўғридан-тўғри 2-курсга грант асосида таълим олишга қабул қилинган. Унинг олдига қўйган мақсади етук муҳандис бўлиш.

Камола ва у каби битирувчиларимизга келгуси ҳаётларида ўз ўринларини топишларида улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu