Сайт тест режимида ишламоқда

«ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЎЗБЕК ТИЛИ ЎҚИТУВЧИСИ» ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

12 октябрь 2021 йил
image

Жорий йилнинг 11-12-13-октабр кунлари «Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси» танловининг республика босқичи бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маъанавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази ҳамкорлигида ташкил этилган «Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси» танловининг республика босқичига старт берилди.

Ўзбек тили фани ўқитувчилари орасидан маҳоратли ва ташаббускор, ўз устида ишлайдиган фаол ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг таълим сифатини оширишга қаратилган инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва иш тажрибасини оммалаштириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўқитилиши бўйича замонавий ёндашувларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишланмалар кўламини кенгайтириш мақсадида республика миқёсида умумий ўрта таълим муассасаларининг «Она тили» ва «Ўзбек тили» фани ўқитувчилари ўртасида «Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси» танловини ўтказиш режалаштирилган эди.

2021 йил 20 июлдан танловда иштирок этиш истагида бўлганларнинг аризаларини қабул қилиш бошланди ва белгиланган муддатгача 24670 нафар ўқитувчи рўйхатдан ўтди. Танловнинг биринчи босқичи туман, шаҳар миқёсида 20 та тест топшириғидан ўтиш ва «Ўзбек тилини самарали ўқитиш методикаси» мавзусида тақдимот қилиш шартлари асосида ўтказилди. Танловнинг биринчи босқичида иштирок этган ўқитувчиларнинг 293 таси кейинги босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Танловнинг иккинчи босқичи ҳам 2 та шарт асосида, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида ўтказилди. Ушбу босқичда ҳам иштирокчилар 20 та тест топшириғидан ўтишди ва «Ўзбек тилини самарали ўқитиш методикаси» мавзусида тақдимот қилишди. Иккинчи босқичда қатнашган ўқитувчиларнинг 14 нафари она тили фанидан ва 13 нафари ўзбек тили фанидан республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

2021 йилнинг 11-октабр куни «Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси» танлови республика босқичининг биринчи қисми бўлиб ўтди. Бу босқичда иштирокчилар «Ижодий намунали шахс образи» мавзусида конвертларда тайёрланган адабий ва эркин мавзулардан бирини ихтиёрий танлаб 50 баллик мезон асосида 2 (академик) соат вақт ичида эссе ёздилар.

 

12-13-октабр кунлари белгиланган дарс жадвали асосида иштирокчилардан 45 дақиқа дарс машғулотини ўтиш талаб этилади. Иштирокчиларнинг дарс машғулоти ўтиш кетма-кетлиги, дарс мавзулари, машғулот ўтказиладиган синфларни (параллель) қуръа ташлаш йўли билан аниқланади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu