Сайт тест режимида ишламоқда

"Янги Ўзбекистон" университетига пресс-тур ташкил этилди

26 январь 2024 йил
image

“Янги Ўзбекистон” университети давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида ташкил этилган олий таълим муассасаси бўлиб, унда энг илғор ёшларга жаҳон стандартлари асосида таълим бериш мақсад қилинган.

Университет ташкил этилганига 3 йил бўлиб, 2023/2024 ўқув йилидан талабаларга кўпроқ қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида янги ўқув биносида фаолиятини давом эттирмоқда.

Мазкур ўқув биноси қуввати жами 1200 талаба учун мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳозирги вақтда 700 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Ўқув биносида 2000 га яқин энг талаб юқори ҳамда оммабоп илмий ва бадиий китоблардан иборат кутубхона фаолият юритмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, кутубхона ҳозирда ҳафтанинг душанба-шанба кунлари оралиғида кечки соат 23:00 га қадар хизмат кўрсатмоқда. Талабалар электрон китоблар базасидан фойдаланиши учун кутубхона энг сўнгги замонавий компютерлар ва иПадлар билан ҳам жиҳозланган.

Шунингдек, талабаларнинг ИТ бўйича билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида Apple ҳамда Huawei компанияларининг расмий марказлари ташкил этилган. Мазкур марказларда талабаларга Apple компанияси томонидан ишлаб чиқарилувчи қурилмаларга дастурлар яратиш учун сwифт дастурлаш тили ҳамда ҳуаwеи академиясида андроид ва бошқа операцион тизимларда ишловчи қурилмаларга техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча курслар ташкил этилган. Ҳар бир марказда ташкил этилган курсни муваффақиятли тугатган талабаларга компанияларнинг расмий сертификати тақдим этилади. Бу эса уларнинг ишга жойлашиш жараёнида касбий жиҳатдан устунлик беради.

Шунингдек, ўқув биносида iMac компютерлари билан таъминланган амалиёт хоналари, энг сўнгги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган кимё ва физика лаборатория хоналари, ошхона ҳамда интерактив дарс хоналари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Ҳозирда университетда Кимё ва материалшунослик муҳандислиги, Механика муҳандислиги, Дастурий таъминот муҳандислиги, Кибер хавфсизлик, Сунъий интеллект ва робототехника, Амалий математика, Иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили, Педагогика ва Саноат бошқаруви каби 9 та таълим йўналишининг бакалавриат босқичига ўқишга аризалар қабул қилинмоқда.

Хорижлик профессор-ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда, асосий мақсади талабаларга сифатли таълим бериш бўлган ушбу университетда дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Шунга кўра имтиҳон саволлари ҳам инглиз тилида бўлиши белгиланган.

Қабул шартларига кўра ўқишга ариза топширувчи талабгорлардан инглиз тилини энг камида Б2 даражада билишни тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Бунда талабгорлар минимум IELTS 5.5, CEFR B2 ва TOEFL iBT 46 каби натижаларга эга бўлиши керак.

Барча таълим йўналишларида талабгорлардан математика ва мантиқий фикрлаш бўйича имтиҳон олинади.

Агар талабгорларда SAT, International Baccalaureate Diploma, GCSE, GCE O-Level, GCE A-Level/AS-Level, IGCSE каби математикани билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификат бўлса, талабгорнинг хоҳишига кўра имтиҳондан озод этилади ва кириш имтиҳонидан халқаро сертификатда кўрсатилган натижасига мувофиқ максимал баллгача тақдим этилади.

Қабул имтиҳонларида юқори натижа қайд этган талабгорларга турли миқдордаги бир йиллик грантлар ажратилади. Жумладан, ҳар қандай таълим йўналишига энг юқори натижа асосида ўқишга қабул қилинган топ 10% талабаларга 100% грант, кетма-кетлик тарзида кейинги 10% ни ташкил қилувчи талабаларга 70% грант ва ундан кейинг 15% талабаларга 50% грант ажратилади.

Шунингдек, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби каби ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари ўқувчиларидан энг юқори балл асосида ўқишга қабул қилинган 5% талабгорлар, халқаро олимпиада ғолиблари, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кирган оила аъзолари ва президент мактаби битирувчилари 4 йиллик 100% грант асосида ўқишга қабул қилинади.

Университетда Германиянинг Митвайда амалий фанлар университети билан ҳамкорликда магистратура босқичининг Саноат бошқаруви – инновация ва бизнесни ривожлантириш йўналишида қўшма таълим дастури (доубле дегрее) ташкил қилинди. Дастур бўйича таҳсил олиш давомийлиги 2 йилни ташкил қилиб, 4 семестрдан иборат бўлади.

Унга кўра талабалар:

– 1-семестр “Янги Ўзбекистон” университетида иқтисодиёт / муҳандислик асослари бўйича ўқитилади;

– 2-семестр Германия университетида инновация ва бизнесни кенгайтириш чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади;

– 3-семестрда Германия ёки Ўзбекистондаги корхонада тадқиқот лойиҳасини (амалиёт) ўтайди;

– 4-семестрда иккала университетда магистрлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Митвайда амалий фанлар университетининг Саноат бошқаруви – инновация ва бизнесни ривожлантириш таълим дастури Немис аккредитация кенгаши томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиб, тўлиқ Европа таълим стандартларига жавоб беради.

Ушбу магистратура босқичига ўқишга ариза топширмоқчи бўлган талабгорлардан инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат (минимум IELTS 6 ёки TOEFL 79 балл) талаб этилади. Бундан ташқари талабгорлар билан интервю тарзида савол-жавоб ҳам ташкил этилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu